Кейинги пайтда гидроэнергетика тизимида янги қувватлар ишга туширилиб, мавжудлари модернизация қилиниши эвазига “яшил” энергия ишлаб чиқариш ҳажми оширилмоқда.
Яқинда Сирдарё вилоятидагиФарҳод гидроэлектр станцияси модернизация қилиниб, янгиланган энергетикқувватда ишга туширилди.
Ушбу станцияда амалга оширилган ишлар ва унинг модернизациядан кейинги фаолияти ҳақида “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти матбуот хизмати раҳбари Равшан Бойқуловқуйидагича маълумот берди.
– Фарҳод гидроэлектр станцияси мамлакатимизнинг энг тарихий ва салоҳиятли қувватлардан биридир, –деди Р.Бойқулов. –Унинг қурилиши1943 йил 10 февралида бошланган ва оммавий ҳашар йўли билан қурилган.Ҳашарга Фарғона, Наманган, Самарқанд, Бухоро, Андижон ва Тошкент вилоятларидан 60 мингдан ортиқ киши жалб этилган.
ГЭС қурилишининг биринчи босқичида 3- ва 4-агрегатлар ва иккинчи босқичида 1- ва 2-агрегатлар ҳам ишга туширилган. 1951 йил 3 июль куни ГЭС тўлиқ эксплуатация учун қабул қилинган.
Ушбу ГЭСнинг ишга туширилиши билан мамлакатмизнинг электр, кимё, металлургия, кўмир ва саноатнинг бошқа соҳаларини ривожлантиришга кенг имкониятлар яратилгани билан тизимдаги муҳим қадамлардан бири бўлган.
Албатта, қарийб 70-75 йил давомида доимий эксплуатация қилиниши туфайли ГЭСдаги кўплаб ускуналар жисмоний ва маънавий эскирган эди.
Шуни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида” ги қарорига асосан ушбу станцияда модернизация ва қайта техник жиҳозлаш ишлари олиб борилди.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг 13,05 миллион евро миқдоридаўз маблағи ва Россия Федерацияси “ВЭБ” банкининг45,22 миллион евро миқдоридаги кредити ҳисобидан амалга оширилди.
Модернизациядан кўзланган мақсад мавжуд қувватни 104 МВтдан 128 МВтга ошириш, жисмонан ва маънан эскирган жиҳозларни жаҳон миқёсидаги янги ва синалган қурилмаларга алмаштириш, ускуналарни узлуксиз жорий ва мукаммал таъмирлашга чиқаришни камайтириш, агрегатларнинг фойдаланиш муддатини 40 йилга узайтириш ва ҳар бир метр куб сув сарфидан самарали фойдаланиш, мукаммал таъмирлашларни камайтириш, электр энергия таннархини пасайтиришга қаратилди.
Модернизация “Силовые машины” АЖ ва “Энергоресурс” ҚК томонидан икки босқичда амалга оширилди. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда модернизация ишлари тўлиқ якунига етган бўлиб, 1- ва 2-гидроагрегатларнинг номинал қуввати 30,82 МВтга, 3- ва 4-гидроагрегатларники эса 33,3 МВтга, жами 128,2 МВтга етказилди.
ГЭС да энергетика қурилмаларининг янгиланиши ҳисобига уларнинг хизмат қилиш муддати камида 40 йилга узайиши кутилмоқда. Бу эса модернизациядан сўнг ўртача йилига 531,2 миллион киловатт соат электр энергия ишлаб чиқариш имконини бериши билан биргаликда 167,3 миллиард сўмлик энергия манбаи ҳам деганидир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди