Ғанижон Йўлдошев болаликдан асаларичиликка қизиққан. Ўзининг хотирлашича, отаси Толибжон ака у ҳали мактаб ўқувчиси эканидаёқ 2 та оила асалари қилиб берган экан. Шу-шу Ғанижон Йўлдошев умрини асаларисиз тасаввур қила олмайди. Фарғонада янги она ари олмоқчи бўлганлар Ғанижон ака “фабрика”сига бордик, дейишади.
Йўқ, фабрика мажозий маънодаги нисбат. Аслида боғлар чети, дала атрофлари, тоғлар, яйловлар Ғанижон аканинг “фабрикаси”дир. Шу жойларда у энг зотдор она ари етиштиради. Бунинг учун ўзи ихтиро қилган қурилмалар бор. Асалари сутидан уячаларга қуяди. Сўнг...
–10 кун деганда она арилар тайёр бўлади. 12 кунда уядан чиқишни бошлайди. 3 кундан кейин 200 метр тепаликда учади, – дейди Толибжон Ғаниев фермер хўжалиги раҳбари Ғанижон Йўлдошев. – Битта она ари камида 12 та эркак ари билан чатишади. Шундан кейин у зотли она арига айланади. Асалари оналари 1 суткада минг, 1,5 мингтагача тухум қўяди. Аллоҳ уларни шунақа, тез кўпаядиган қилиб қўйган.
Ғанижон ака яратган асалари оиласи ҳамиша сифатли ва мўл миқдорда асал беради. Бунинг бирламчи сабаби – зотнинг тозалигидан экан.
–Асалари оиласида ҳам яқин қариндошлик учрайди, – дейди Ғанижон Йўлдошев. – Унинг олдини олиш учун Украинадан, Германиядан янги зотларни олиб келамиз. Германиядан “краинка”, “бекфаст” зотларини, Украинадан эса “полесский”, “степная”, “вучковский” зотларини олиб келамиз. Мақсад ҳар йили асалари қонини алмаштириб туриш. Соғлом онадан соғлом фарзанд деганларидек, шундай қилинганда соғлом арилар пайдо бўлади. Соғлом арилардан эса ҳосил мўл олинади.
Шу кунлар она асалари кўпайтирадиган палла. Ғанижон аканинг қўли-қўлига тегмайди.
–Биз ишлаб чиқарган янги зотли она ариларни атрофимиздаги барча асаларичиларга тарқатамиз, – дейди Ғанижон Йўлдошев.
Ҳа, дарвоқе, Президентнинг мактаб ўқувчилари ўқиш билан бирга касб-ҳунарли бўлиши лозимлиги ҳақидаги ташаббусидан сўнг маҳалласидаги мактабнинг 30 нафар ўғил-қизлари Ғанижон акага арибоқар бўлиб шогирд тушган.
Толибжон Ғаниев фермер хўжалигида 600 дан зиёд қутида асалари боқиляпти. 2022 йилда 6,5 тонна юқори сифатли асал етиштирилди.
Фарғона, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида тоғ ва яйловлардаги дарахт ҳамда ўсимликлар гулга кирганида қутиларни олиб борадилар. Чунки асал хусусияти ниманинг гулидан йиғилганига боғлиқ.
Ғанижон ака таъкидлашича, ҳар хил гиёҳлар ҳар хил асал чиқаради. Мисол учун оқ қорай асалининг таркибида юракка қувват берувчи моддалар кўп. Тоғ асаллари эса нафас йўли, бронхит, астмани даволашда шифобахш. Пахта асали ички аъзоларга даво.
–2022 йилнинг ёзи энг шифобахш асал берди, – дейди Ғанижон ака. – Ёзда, 55 градус иссиқда Гулистонда асал олдик. Бундай асал қуёшнинг бинафша нурларига тўйинган бўлади.
Ғанижон аканинг асал омбори бўшаб қолган, ҳозир энг сўнгги сиғимлардаги ҳосилни қадоқлаётган эди. Маълум бўлишича, асалари муми ҳам шифобахшликда асалдан қолишмас экан. Моҳир асаларичи ўзи асалдан тайёрлаган шифобахш аралашмаларни мақтади:
–Асаларининг муми инсон организмидаги калий моддасини бойитади. Шифокорларимиз асалари сақичини таркибида шу модда кўплиги учун тавсия қиладилар. Асалга ёнғоқ, майиз, ўрик, аччиқ бодом мағизи аралаштирилса иммунитетни кўтаради.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qsWRUQE8bOQ" title="Фарғонанинг зотдор она асаларилари" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe> Ғанижон аканинг уч ўғли, икки набираси оилавий анъанани давом эттирдилар. Улар ҳам бугун номи чиққан асаларичилар рўйхатидан жой олишган ва яқин кунларда ўтажак асал байрамига ҳозирлик кўришмоқда.
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов(видео)
ЎзА