English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғоналиклардан 14 минг 912 киши жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган
09:45 / 2021-05-08

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар ҳеч қачон ёдимиздан, қалбимиздан ўчмайди. Бугунги кунда орамизда яшаётганлар эса ҳамиша эъзозимизда.

1941-1945 йиллардаги уруш даврида мамлакат бошига тушган оғир синовлар Фарғона вилоятига ҳам катта таъсир қилди. Шаҳар ва туман ҳарбий комиссарликларига аҳолидан фронтга жўнатишни сўраб кўплаб аризалар кела бошлади. Фақат бир ҳафта ичида 1735 та ариза тушди. Ўзбекистоннинг кўп жойларида бўлганидек, вилоятда кўнгилларидан иборат ҳарбий бўлинма ва қисмлар ташкил топди. Улар орасида 94-ўзбек ўқчи бригадаси алоҳида ўрин тутади. Бу жанговар қўшилма Сталинград учун олиб борилган жангларда мислсиз матонат ва жасорат кўрсатиб, Волга билан Дон дарёлари оралиғида фашистларнинг сара қўшинларини тор-мор келтиришга муносиб ҳисса қўшди. Мазкур ўқчи бригада таркибидаги 13 минг жангчидан фақат саккиз юздан ортиғи уйига қайтиб келган.

Уруш йилларида бир неча юз минглаб фарғоналик ўғлонлар юрт ҳимояси учун мардонавор жанг қилди. Фашист босқинчиларига қарши олиб борилган жангларда кўрсатган мардлиги ва жасурлиги учун фарғоналиклардан 14 минг 912 киши жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган.

Фарғоналиклар Аҳмаджон Шукуров, Мамадали Топволдиев, Тожиали Бобоев, Қосим Ёқубов, Амирали Саидбеков, Муҳиддин Умриддинов, Мўйдин Ҳасанов, Тўхтасин Аҳмедов, Тўйчи Назаров, Абдулҳамид Жамолов, Иван Дементьевич Беляков, Абдусалим Деҳқонбоев, Владимир Васильевич Женченко, Андрей Диров сингари ўтюрак баҳодирлари билан ҳақли равишда фахрланадилар. Улар Совет Иттифоқи Қаҳрамони юксак унвони билан тақдирланди, Шуҳрат орденининг тўла кавалерлари бўлдилар.

Фарғона вилоятига бағишланган Хотира китобида 50 мингдан ортиқ киши ҳақида маълумот берилган. Афсуски, шунча вақт ўтган бўлсада, урушга кетган айрим кишилар тақдири ҳанузгача номаълум.

Халқимизнинг эзгу ниятларини рўёбга чиқариш йўлида жон фидо қилган, шаҳид кетганларни ёдга олмасдан, уларнинг ҳаётини бугунги авлод учун ибрат қилиб кўрсатмасдан туриб, олдимизга қўйган мақсадларни амалга ошириш мушкул. Йилдан-йилга шу кунларни бошидан ўтказган кексаларимиз сафи ҳам озайиб бормоқда. Айни кунларда шаҳар ва туманларда 45 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси умргузаронлик қилмоқда. Улардан ёшлар Ватанни ҳимоя қилиш, севиш, меҳнатсеварлик каби ибратли фазилатларни олиб қолиши зарур. Шу боис ҳам бугунги кунда шаҳар ва туманларда, маҳаллаларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари холидан хабар олиниб, иззат-икром кўрсатилмоқда. Фахрийлар давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан мамнунликларини билдириб, мустақиллигимиз, юртимиздаги тинчлик-осойишталик барқарор бўлишини, халқимиз фаровонлигини тилаб дуо қилишмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА