ФОТОРЕПОРТАЖ
Айни кунларда Фарғона вилоятида Янги йил байрамини муносиб кутиб олиш мақсадида кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилди. Фарғона шаҳри кўчалари байрамона тусга кириб, турли ёритиш воситалари ва безаклар билан чиройли қиёфа касб этди. Бу манзаралар аҳоли қалбида байрамона кайфият уйғотиб, эзгу ният ва шукроналик туйғуларини мустаҳкамламоқда.
Вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, таълим ҳамда тиббиёт муассасалари Янги йил байрами муносабати билан байрамона безатилди. Шунингдек, аҳолига кўтаринки кайфият улашиш мақсадида вилоят бўйлаб оммавий сайиллар ташкил этилмоқда. Шаҳар ва туманлар марказлари, аҳоли гавжум ҳудудларда Янги йил арчалари ўрнатилиб, турли маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурлари ҳамда томошалар ўтказилмоқда.
[gallery-26974]
Фарғона вилоятининг барча шаҳар ва туманлар марказларидаги асосий кўчаларда Қорбобо ва Қорқиз, шунингдек, болажонлар севимли эртак қаҳрамонлари иштирокида байрам сайиллари уюштирилмоқда.
Хусусан, вилоят марказидаги Аҳмад Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғи, Ислом Каримов номидаги театр-концерт саройи ҳамда Экошаҳар ҳудудида улкан Янги йил арчалари қад ростлаб, кун давомида ва кечки пайтларда аҳоли учун қизиқарли концерт дастурлари ва томошалар намойиш этилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА