Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғоналиклар муборак ҳаж зиёратига кузатилмоқда
12:40 / 2025-05-19

Қутлуғ сафар олдидан фарғоналик илк зиёратчиларга Фарғона шаҳридаги тантаналар мажмуасида файзли дастурхон ёзилиб, бир пиёла чой устида мароқли суҳбат ташкил этилди.

Тадбирда вилоят хокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, элу юртимиз файзи-фариштаси бўлган нуронийларимизни шундай бахтга мушарраф бўлганликлари билан самимий қутлади.

– Президентимиз эътибори ва ғамхўрлиги туфайли ҳамюртларимизнинг бу борадаги эзгу орзу-мақсадлари тўлиқ ижобат бўлиши учун қулай шароитлар яратилди, – деди вилоят раҳбари. – Бу ҳар йили минглаб оилаларга хурсандчилик олиб кирмоқда. Ўз навбатида бундай шарафли мақомга эга бўлиш ислоҳотлар жараёнида фаолликни оширишга хизмат қилаётир.

Хусусан, биргина ўтган йилнинг ўзида Фарғона вилоятида ҳаж зиёратига кетаётганлар томонидан эҳтиёжманд оилаларга 100 миллион сўмликдан зиёд моддий ёрдам  кўрсатилди. Жорий йил ҳам бундай эзгу амаллар салмоғини янада ошириш мақсад қилинган.

Тантанали тадбирдан сўнг Фарғона шаҳри ҳамда Қува туманидан зиёратга кетаётган ҳамюртларимиз вилоят ишчи гуруҳи кузатувида Наманган халқаро аэропортига йўл олди. Бу ерда ҳар бир зиёратчи учун ёрдамчи бириктирилиб, белгиланган тартибда ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда юкларни божхона назоратидан ўтказишда кўмаклашилди.

 – Шундай кунларга етказганига шукр, – дейди Қува туманида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Баҳодиржон Холматов. – Табаррук масканда юртимиздаги тинч-осойишта ҳаёт, эртанги кун истиқболи йўлидаги ислоҳотлар бардавом бўлиши учун дуо қиламиз.

Айтиш жоиз, бу йил 1600 нафардан кўпроқ фарғоналиклар муборак ҳаж амалларини бажариши режалаштирилган. Шу мақсадда уларнинг илк гуруҳи – 240 нафари Саудия Арабистонига жўнаб  кетди.         

М.Сулаймонов, ЎзА