Ҳар бир инсон ўз гўшасини, маҳалласини обод ва тароватли бўлишини истайди.
Шу боисдан ҳам эрта тонгдан юртдошларимиз яхши ният билан ҳашарга чиқиб, ободонлаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшмоқда. Фарғона вилоятининг барча ҳудудларида бу жараён уюшқоқлик ва фаоллик билан ўтказилмоқда.
Ўзбекистон туманидаги “Каримобод” маҳалла фуқаролар йиғинида дастлаб қабристонни обод этишга киришилди. 2 минг 300 дан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган ҳудуд аҳолиси ҳамжиҳатлигини яна бир бор намоён этди. Маҳалла ёшлари, нуронийлар бу ишларга бош-қош бўлмоқда.
Шунингдек, маҳалла кўчаларини ободонлаштириш, ариқ ва зовурларни тозалаш, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар хонадонларида ҳам ободлик юмушлари амалга оширилмоқда. Вилоят маркази бугун чин маънода гуллар шаҳрига айланмоқда. Йўллар четларига экилган гуллар, дарахтлар албатта, ҳар бир кишини ўзига ром этади. Шаҳар аҳолиси ҳамда ташкилотлар ва корхона ходимлари ҳашар доирасида ҳудудларни ободонлаштиришга, гулларнинг парваришига алоҳида эътибор қаратмоқда. Янги бунёд этилаётган экошаҳарда ҳам ҳашар кўтаринкилик билан ўтказилмоқда.
Рамазон ҳайити арафасида ташкил этилаётган ҳашарда эзгулик билан йўғрилган хайр-саховат тадбирлари ташкил этилмоқда. Аҳолини қўллаб-қувватлаш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни кучайтириш мақсадида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олинмоқда.
Фарғона вилоятида "Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги" шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари доирасида 971 та қабристон, 88 та зиёратгоҳ ободонлаштирилмоқда. Шунингдек, 524 та эҳтижёманд оилаларнинг уй-жойларини таъмирлашга кўмаклашилиб, 6 мингдан ортиғи моддий ёрдам кўрсатилмоқда.
[gallery-6883]
М.Сулаймонов, ЎзА
М.Қодиров олган сурат