Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғоналик журналистлар Наманганнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилди
19:49 / 2023-06-14

ФОТОРЕПОРТАЖ

Фарғоналик бир гуруҳ журналистлар Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов ташаббуси билан Наманган вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилди.

Гуллар байрами ўтказилаётган боғ ёнида фарғоналик меҳмонларни Наманган вилоят ҳокимлиги масъуллари, ОАВ вакиллари кутиб олди.

62-бор ўтказилаётган Халқаро гуллар фестивали ўтаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғига ташриф барчани бирдек ҳайратга солди. 60 миллион турли гул кўчати экилган боғ олам гўзаллигини ўзида мужассам этган. Турфа рангдаги гул ва чечаклар, уларнинг хушбўй ифори, бетакрор ландшафт намуналари ўзига мафтун этади.  

[gallery-12337]

Кейинги манзил 160 гектар майдонни ўз ичига олган “Афсоналар водийси” тематик парки бўлди. Номига монанд водийга кирар экансиз, эртаклар оламига тушиб қолгандек бўласиз. Турли кўнгилочар масканлар, аттракционлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари одамлар билан гавжум. Атрофида кўп қаватли уйлар қад ростламоқда.  

Журналистлар шунингдек, Тўрақўрғон туманида жойлашган Ахсикент – очиқ осмон остидаги музей мажмуасига ҳам ташриф буюрди. Музей масъули археологик изланишлар натижасида турли қадимий топилмалар ва тиклаш натижалари билан меҳмонларни таништирди. Бу ерда истиқомат қилаётган одамларнинг уйларида ҳам қадимий шаҳарнинг излари топилаётганини айтиб ўтди.

Фарғоналик журналистлар ер остида қолган қадимий шаҳар Янги Ахсикетга йўл олди. Бу ерда Ахсида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, Умаршайҳ Мирзо ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур билан боғлиқ тарихий воқеалар ҳақида сўз борди. Манзилда хонақоҳ бўлиб, у ерда азизларнинг чиллахонаси, ислом динига оид китоблар, қишлоқдан топилган турли буюмлар сақланаётган музей ва улкан минорали масжид жой олган. Меҳмонлар улар билан бирма-бир танишиб чиқди.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА