Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғоналик журналист ва блогерлар Тожикистоннинг Сўғд вилоятига ташриф буюрди
15:40 / 2022-08-29

ФОТОРЕПОРТАЖ

Фарғоналик бир гуруҳ журналист ва блогерларнинг Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Хўжанд шаҳрига саёҳати ташкил этилди. 

Пресс-тур иштирокчиларининг ташрифи Шайх Муслиҳиддин мақбараси ва марказий “Пайишанба” бозори майдонида жойлашган Жомий масжидидан бошланди.

Сўғд вилоятининг энг диққатга сазовор жойларидан бири бу – Хўжанд шаҳридаги Сўғд вилояти тарихий музейи, Камол Хўжандий уй-музейи ва мақбарасини ўз ичига олган “Қалъаи Хўжанди” маданий-тарихий мажмуасидир.

[gallery-8557]

Хўжанднинг ёши тахминан 2,5 минг йилдан иборат. Халқ орасида Сирдарёнинг чап қирғоғида Искандар Зулқарнай барпо этган қалъа шаҳарнинг аждодига айланган, деган қарашлар мавжуд. Дарёдаги сув эса ғайриоддий кўк рангга эга.

Камол Хўжандий номидаги яшил боғда улуғ шоирнинг уй-музейи жойлашган бўлиб, у ерда эски китоблар, буюк шоирнинг рамзий мақбараси сақланади. Ғазал устаси Хўжандий Хўжандда туғилиб, ўз юртидаги тартибсизлик ва нотинчлик туфайли Табризга кетади ва ерда вафот этган. Ёғоч ва гранитдан қурилган мақбарада шоирнинг Эрондаги қабридан келтирилган бир ҳовуч тупроқ бор. 

Тарихий музей, шунингдек, Камол Хўжандий уй-музейи тожик халқининг миллий тарих ва маданий меросга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлганидан далолат беради. 

Кун якунида фарғоналик журналист ва блогерлар Арбоб саройида бўлди. У ерда нафақат вилоят, балки республика миқёсида муҳим тадбирлар ўтказилади. Арбоб саройи – Россия давлат музей-қўриқхонаси саройларидан бирининг кичрайтирилган нусхаси ҳисобланади. Етти йилда ҳашар йўли билан қурилган сарой ўзининг кўлами ва биноларининг безаги билан ўта ҳайратланарли. Арбобда маданият саройи ва колхоз ишлаб чиқариш новатори Саидхўжи Ўринхўжаев ва унинг сафдошлари ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи бой экспонатларга эга музей жойлашган.
Пресс-тур доирасида икки ҳудуд тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтказилди.

Хўжанд шаҳрига ташриф, ушбу қадимий шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари ҳамда бизнес-форум фарғоналикларда яхши таассурот қолдирди.



Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА