Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасида “Баркамол авлод – 2022” спорт ўйинларининг республика финал босқичидан ўрин олган сўнгги мусобақаси якунига етди.
Уч кун давом этган турнирда стол тенниси бўйича энг кучлилар аниқланди. Республикамизнинг 14 та ҳудудидан академик лицей ва профессионал таълим муассасаларининг 100 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлари иштирокида ўтказилган мусобақада спортчи ёшлар ўғил болалар ва қизлар тоифасида ўзаро кураш олиб борди.

Мусобақа якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Фарғона вилояти ёшлари биринчи бўлди. Самарқанд вилояти вакиллари иккинчи, Сирдарё вилояти учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

– Ўзим учун энг севимли спорт туридан мусобақада қатнашганимдан хурсандман. Бир неча кун давомида тенгқурларимиз билан беллашиб, ўз салоҳиятимизни синовдан ўтказдик. Қувонарлиси, кўплаб дугоналар, дўстлар орттирдик. Терма жамоамиз биринчи ўринни олганидан хурсандман, – дейди Рухсора Дадажонова.

М. Сулаймонов, ЎзА