Яқинда нашр қилинган “Куз симфонияси” китоби муаллифи, ёш ёзувчи Шерзод Ортиқов 9 май куни Исроил адабиёти вакилларининг расмий канали “Israel poetry channel”га Streamyard платформасида онлайн интервью берди.
Халқаро миқёсда турли ижодкорлар билан суҳбатлар ўтказиб борувчи “Israel poetry channel”нинг бу галги меҳмони фарғоналик Шерзод Ортиқов бўлди. Ушбу учрашув ижтимоий тармоқларда бевосита ёритиб борилди.
Исроиллик ижодкорлар билан суҳбатнинг биринчи қисмида Ш.Ортиқов ўз фаолияти, қизиқишлари, пандемиянинг ўзбек ва жаҳон адабиётига таъсири, классик ёзувчилар ҳақида сўзлаб берди. Шундан сўнг ёш ижодкорнинг иврит тилига ўгирилиб, Исроилнинг “Kolhehamon” адабий журналида чоп этилган “Баҳор якшанбаси” ва “Орзу ортидан” номли ҳикояларининг ёзилиш тарихи ва жаҳон бўйлаб давом этаётган муваффақиятлари ҳақида сўз борди.
Суҳбат мобайнида ёш ёзувчи жорий йил кузда китоб ҳолида чоп этилиши кутилаётган “Хазонрезги” романидан ўзбек тилида парча ўқиб берди.
– Исроил бўйлаб таралган она тилимиз суҳбат иштирокчиларида катта таассурот қолдирди ҳамда тилга қизиқиш уйғотди, – дейди Шерзод Ортиқов.