French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғоналик ёш олим: Сирдарё ҳавзасида ялангбалиқларнинг 10 та тури учрайди, шундан 5 таси Ўзбекистон ҳудудида
09:03 / 2021-05-10

Биолог-ихтиолог Бахтиёр Шералиев ўлкамиз ихтиофаунаси учун янги балиқ турини кашф қилгани ҳақида маълумот берган эдик. Фарғона водийси сув ҳавзаларида учрайдиган, аввал фанга маълум бўлмаган янги балиқ турига кашф қилинган ҳудуд - Фарғона водийси шарафига Фарғона ялангбалиғи (Triplophysa ferganaensis) деб ном берилган бўлиб, водийнинг тоғли ҳудудлари сувларида учрайди.

Фарғоналик ёш олим айни кунларда Хитойдаги университетда доктарантурада таҳсил олмоқда. Биз тадқиқотчи билан боғланиб, унинг фаолияти хусусида суҳбатлашдик.

-1989 йил Риштон туманида туғилганман, -дейди Б. Шералиев. - 2007-2011 йиллар давомида Фарғона давлат университетининг биология йўналишида ўқидим. Бакалаврлик вақтимданоқ Ўзбекистон ихтиофаунасини ўрганишни бошлаганман. 2012-2014 йилларда университетда магистратурада ўқиш мобайнида биология кафедрадаси лаборант сифатида фаолият олиб бордим, кейин ўқитувчи бўлиб ишладим. 2015 йилда илк марта Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги олий таълим муассасалари ёш профессор ўқитувчиларини алмашиш дастури бўйича 10 ойлик грант ютиб Хитойда стажировка ўтаганман. 2017 йилда Хитой Чунцин шаҳри Жанубий-ғарбий университетда докторантурага ўқишга кирдим.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистоннинг барча сув ҳавзаларида бир неча маротаба ихтиологик экспедициялар ташкил қилдик. Балиқларни Марказий Осиё учун илк маротаба молекуляр генетик таҳлил қилиш асосида тадқиқ этяпмиз. Бунгача ДНК таҳлили асосида Ўзбекистон жанубий сув ҳавзаларида учрайдиган 3 та балиқ турининг таксономиясига аниқлик киритилди. Aмударёда учрайдиган ниҳоятда ноёб ҳисобланган Халқаро Қизил китобга киритилган Aмударё катта сохта куракбурун балиғининг тўлиқ митохондриал геномини аниқлашга муваффақ бўлинди.  

Янги турни кашф қилиш жараёни ҳам тасодифан бўлмаган. Бу иш 2019 йилдаги илмий экспедициямизда йиғилган намуналар маҳсули. Сирдарё ҳавзасида ялангбалиқларнинг 10 та тури учрайди, шундан 5 таси Ўзбекистон ҳудудида учрайди. Ушбу турларнинг барчаси бундан 70-150 йил аввал ўрганилган турлар бўлиб, бир аниқлаган тур Сирдарё ҳавзаси учун сўнгги 70 йилликдаги илк балиқ тури ҳисобланади. Янги тур халқаро даражада экспертизадан ўтган. Унинг янгилигини айнан мана шу балиқлар бўйича халқарода даражадаги мутахассислар 2020 йилнинг август ойидан бери текширишди. 2021 йилнинг апрел ойининг бошида бу янги тур Сирдарё ҳавзаси учун ниҳоятда муҳим топилма деб хулоса беришди.

Аксарият тадқиқотчилар бизнинг минтақамиздаги барча ҳайвон турлари ўрганиб бўлинган, деб ҳисоблайди. Аслида бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўлкамиз сув ҳавзаларини тадқиқ этар эканман, бизда ҳали ўрганилмаган турлар етарлича эканлигига борган сари ишончим комил бўлиб бормоқда. Биз кашф қилган янги балиқ тури бунга ёрқин мисол бўла олади. Фарғона ялангбалиғи водийнинг тоғли ҳудудлари сувларида учрайди. Унинг ўзига хос хусусиятларини кашф этиш олдимизда турган муҳим вазифадир.

 

 М.Сулаймонов, ЎзА