Фарғоналик Бахтиёржон Сиддиқов Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларига саёҳатга чиқиб, мазкур йўналишлар бўйлаб пиёда юрди.
Фурқат тумани Чекчувалдоқ қишлоғида яшовчи, 1990 йилда туғилган бу йигит соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, юртимизнинг диққатга сазовор масканлари, тарихий обидалари билан танишиш ва зиёрат қилишни дилига тугди. Яхши нияти амалга ошиб, Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларига пиёда бориб-келди.
Фурқат тумани ҳокимлиги ҳомийлигида 20 апрель куни сафарга отланган Бахтирёжон қарийб икки минг километр масофани пиёда босиб ўтиб, 15 май куни ўз оиласига, қишлоғига қайтди.

Туман ҳокимининг ўринбосарлари ва жамоатчилик вакиллари Бахтиёржонни йўқлаб, совға-саломлар билан унинг хонадонига бордилар. У сафар таассуротлари билан ўртоқлашиб, ниятини рўёбга чиқаришда кўмаклашган туман ҳокимлигига ўз миннатдорчилигини билдирди.
– Пиёда юриш аввало, ўзимизнинг соғлигимиз учун керак, – дейди у. –Юртимиз бўйлаб саёҳат қилиш эса, унинг қадамжонларини пиёда босиш эса янада гаштли.
М. Сулаймонов, ЎзА