Фарғона шаҳридаги "Афросиёб" тантаналар мажмуасида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, секторлар раҳбарлари, вилоятдаги олий таълим муассасалари, касб-ҳунар мактаблари, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларида самарали меҳнат қилиб келаётган илғор устоз-мураббийлар, фахрийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Вилоят ҳокими Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни зиммасига олишга қодир янги авлодни тарбиялашда ўқитувчи ва мураббийларнинг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлаб, давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимизда таълим соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни вилоятда ҳаётга татбиқ этиш, ўқитувчи ва мураббийлар учун муносиб шароит яратиш, уларнинг фидокорона меҳнатини рағбатлантириш, моддий таъминотини яхшилаш борасидаги ишлар янада кенг кўламда давом эттирилишини қайд этди.
[gallery-13835]
Куни кеча эълон қилинган “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Президент фармонига асосан давлат мукофотлари билан тақдирланган 7 нафар фарғоналик таълим фидойисига орден ва медаллар тантанали тарзда топширилди.
Фарғона вилояти турк миллий маданий маркази раиси Т. Кападзе 30 июль - Халқлар дўстлиги куни муносабати билан эълон қилинган Президент фармонига кўра, “Дўстлик” ордени билан тақдирланган ҳамда сафарда бўлгани учун унга мукофоти тақдим этилмаган эди. Бугунги байрам тадбирида Т. Кападзега ҳам юксак давлат мукофоти топширилди.
Шунингдек, тадбирда бугунги кунда таълим тизимининг барча жабҳаларида самарали фаолият олиб бораётган ўқитувчилар ва мураббийларнинг катта гуруҳи вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари, ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА