Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида "Ташаббус-2021" кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда туман-шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган юз нафарга яқин тадбиркор, ҳунарманд ва фермерлар иштирок этди.
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасида улар иқтисодиётда етакчи ўринни эгалламоқда.2018 йили вилоятда 3 минг 780 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилган бўлса, 2020 йили пандемия шароитида бўлишига қарамай 8 мингдан зиёд субъектлар ташкил этилиб, уларнинг сони қарийб 2,2 баробарга ортди. Шу йилнинг ўзида янги ташкил этилган кичик бизнес субъектлари ҳисобига 14 мингдан кўпроқ янги иш ўринлари яратилди. Бунинг натижасида маҳаллий бюджетга 10,3 млрд. сўмдан ортиқ маблағ жалб этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бир неча йиллардан буён мамлакатимизда тадбиркорлар, фермерлар ҳамда хунармандлар ўртасида ананавий “Ташаббус” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.
Пандемия шароитида карантин қоидаларига қатъий амал қилиш мақсадида “Ташаббус-2021” кўрик-танловининг туман- шаҳар босқичлари ўтган йиллардан фарқли равишда онлайн тарзда ўтказилди. Туман-шаҳар босқичларида 1 минг 678 та хўжалик юритувчи субъектлар қатнашди.
[gallery-2765]
Тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Авазбек Ўринбоев 1996 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танловининг республика босқичларида вилоят шарафини муносиб ҳимоя қилган ҳамюртларимиз номини фахр билан эътироф этди. Хусусан, “Сайқал” савдо ишлаб чиқариш корхонаси, “Камрах”, “Умид” фермер хўжаликлари, моҳир ҳунармандлар Абдуғани Абдуллаев, Турғунбой Мирзааҳмедов, кулоллар Алишер Назиров, Мирзомасхар Акрамовлар республика босқичида ғолибликни қўлга киритиб, Президент соврини сифатида автомашина билан тақдирлангани таъкидлаб ўтилди. Танловнинг бу йилги вилоят босқичи ғолиблари ҳам ушбу анъанани давом эттирган ҳолда, республика босқичида муносиб иштирок этишларига ишонч билдирилди.
Ҳакамлар ҳайъати хулосаларига кўра, “Ташаббус-2021” кўрик-танловининг жорий йилги вилоят босқичи ғолиблари номи тантанали тарзда эълон қилинди.
“Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинацияси бўйича фахрли биринчи ўрин Қўштепа туманидаги “Исмоилжон гиламлари” хусусий корхонаси раҳбари Иброҳимжон Султоновга насиб этди. “Йилнинг энг яхши фермери” номинациясида Олтиариқ туманида жойлашган Орзухон Нурбоева бошчилигидаги “Ғаффоржон нурли келажаги” фермер хўжалиги ғолибликни қўлга киритди. “Йилнинг энг яхши тадбиркори” (саноат йўналиши бўйича) номинациясида Олтиариқ туманида фаолият кўрсатувчи “Хамза экспорт арт текстиль” корхонаси, “Йилнинг энг яхши тадбиркори” (хизмат кўрсатиш йўналиши бўйича) номинациясида Фарғона шаҳридаги “Фарғона тиббиёт файзи” МЧЖ жамоаси ғолибликка муносиб кўрилди.
“Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” номинациясида Учкўприк туманида жойлашган “Меҳригиё” хусусий корхонаси раҳбари Хондамир Нуритдинов биринчи ўрин соҳиби сифатида эътироф этилди. Бешта номинация бўйича фахрли иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари ҳам тантанали равишда эълон қилинди. Ғолибларга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи, қимматбаҳо совғалари тақдим этилди.
Шунингдек, рағбатлантирувчи қўшимча номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, уларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА