Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғоналик тадбиркор: 10 мингта иш ўрни яратиш ҳаракатидамиз
12:08 / 2021-08-30

Давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ, мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги байрами арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз давлат мукофотлари – фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди. Улар қаторида Фарғона вилоятидан ҳам 49 нафар турли соҳа вакиллари, фахрийлар ва ёшлар бор.

Фарғонада ана шу юксак мукофотлар ҳамда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини ўз эгаларига топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда давлат мукофотлари билан тақдирланганлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров барчани энг улуғ, энг азиз айём мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан қутлаб, мукофотлар соҳибларини халқимиз ва Президентимизнинг юксак эътирофига сазовор бўлганликлари билан самимий муборакбод этди. Тантанали маросимда юксак давлат мукофотларини тантанали топширди.

Тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар ва бошқалар камтарона меҳнатларини юқори баҳолаб, давлатимизнинг юксак мукофотларига муносиб кўргани учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.  

[gallery-3658]

–Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаётган, меҳнатимизни эътироф этган Президентимиздан миннатдормиз, – дейди “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Фарғона туманидаги «Баҳодир лоғон текстиль» масъулияти чекланган жамияти директори ўринбосари Мўминжон Йўлдошев. – Рости, буни сира кутмагандим. Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллик байрами бир умр ёдимда қоладиган бўлди. Давлатимиз раҳбари корхонамизда бўлганида 10 мингта ишни ўрни яратишни ваъда бергандим. Яқин кунларда янги ишлаб чиқариш тармоқларини ишга тушириш ҳаракатидамиз. Бу мукофот зиммамизга янада катта масъулият юклади.  

Бугунги кунда юртдошларимиз мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилмоқда. Истиқлолимизнинг ўттиз йиллиги байрами айни кунларда катта шодиёна билан нишонланяпти. Маросимда вилоят фаоллари, депутатлар, давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва ёшларга “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони топширилди.

 

М. Сулаймонов,  

М. Қодиров (сурат), ЎзА