Фарғона вилоятида сайлов жараёнлари давом этмоқда. Сайловчиларнинг муҳим сиёсий жараёндаги фаоллиги яққол сезилиб турибди.
– Аввало, барча номзодларнинг сайловолди дастурлари билан яқиндан тинишиб чиқдим. Ижтимоий-иқтисодий йўналишларда амалга оширилажак ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратдим. Бугун ўзим ёқлаган номзодга овоз беряпман, – дейди Фарғона шаҳридаги 60-сайлов участкасига овоз бериш учун келган Ўзбекистон Қаҳрамони Улуғбек Умаров. – Бугунги сайловни мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида қўйилаётган муҳим қадам деб биламан.
Ўз сайлов участкаларига овоз бериш учун келаётган ёшлардаги шижоат, эртанги кунга ишонч, улардаги кенг дунёқараш ва сиёсий тафаккур ҳам эътиборни тортади.
– Спортнинг турон яккакураши бўйича бир неча бор вилоят, бир марта Ўзбекистон чемпиони бўлганман. Айни пайтда “UzSungwoo” қўшма корхонасида ишлаяпман, – дейди Асадилло Асқаров. – Мамлакатимизда ёшларга яратиб берилаётган шароит, ўқиш ва ишлаш учун кенг имкониятлар, касб-ҳунар ўрганиш ва олий таълим олиш борасидаги ислоҳотларга бефарқ эмасман. Биз, ёшлардан фақат ўқиб-ўрганиш, билим олиш, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиш талаб этилади. Президентликка номзодларнинг дастурларида бу бўйича кўплаб янгиликлар, имтиёзлар баён қилинганидан мамнунман.
– Сайловда том маънода ўз келажагим учун овоз бераётганимдан хурсандман. Зеро, кейинги йилларда юртимиз ривожи ва халқимиз ҳаёти айнан бугунги сайловга боғлиқ, – дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти талабаси Нодирабегим Жамолиддинова. – Айтиш керакки, мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга имтиёзлар бериш бўйича кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида ҳар томонлама соғлом авлод, интеллектуал салоҳиятли ёшларни тарбиялашга йўл очади.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА