English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғоналик пиллакорларнинг юксак хирмони
15:04 / 2023-06-12

Фарғона вилояти пиллакорлари жорий йилда 41 минг 187 қути ипак қурти парваришлаб, 2 минг 397,7 тоннадан зиёд сифатли пилла ҳосили етиштирдилар ва белгиланган режа ортиғи билан уддаланди.

Вилоятда “кумуш тола” хирмони юксалишида мавсумни юксак уюшқоқлик ва тартиб-интизом билан ташкил этилганлиги асосий омил бўлди. Аввало, озуқа базасига эътибор қаратилди, 5 пиллачилик кластерлари томонидан 412 инкубатория хоналари тўлиқ жиҳозланди. Малакали мутахассислар касаначилар ва ипак қурти боқувчилар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириб борди. Вилоятдаги 41 минг 50 хонадонда мўъжизакор жониворлар “Бир хонадонга бир қути ипак қурти” тамойили асосида парвариш қилинди. Барча туманлардаги қабул масканларида сифатли пилла хом ашёсини қабул қилиш ишлари доимий назоратга олинди.  

– Етиштирилган пилла ҳосили учун халқимизга ҳар бир килограмм пилла учун 30 000 сўмдан, жами 71 миллиард 931 миллион сўм нақд пул маблағи тарози устида тўлиқ етказиб берилди, – дейди вилоят “Агро-Пилла” масъулияти чекланган жамияти бошқарув раиси Мақсуджон Қосимов. – Бу йилги пилла етиштириш бўйича белгиланган топшириқларни вилоятда биринчилардан бўлиб Ёзёвон, Бешариқ, Тошлоқ, Ўзбекистон туманлари пиллакорлари уддалаб, пилла хирмонига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшди. Эришилган ғалаба замирида вилоятимиз заҳматкаш пиллакорларининг фидокорона меҳнатларини алоҳида эътироф этишни истардим. Энг қувонарлиси, илғор пиллакорларимиз ҳар қути ипак қурти ҳисобига режадаги 58 килограмм ўрнига 60-65 килограммгача пилла ҳосили етиштирди.  

Жумладан, Ёзёвон туманида 2 минг 34 қутидан 119,7 тонна, Бешариқ туманида 3 минг 639 қутидан 212,6 тонна, Тошлоқ туманида 2 минг 928 қутидан 171,4 тонна, Ўзбекистон туманида эса 3 минг 214 қутидан 187 тонна тирик пилла етиштирилишига эришилди. Мавсум давомида 100 минг нафардан зиёд пилла боқувчилар билан шартномалар тузилиб, уларнинг бандлиги таъминланди. Айтиш керакки, айни кунларда ипак қурти боқишнинг иккинчи мавсуми учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.  

М.Сулаймонов,  

ЎзА