Фарғона вилоятида чилги ҳосил – пилла етиштириш бўйича режалаштирилган вазифалар ортиғи билан адо этилди. Жорий йил вилоятда 43 минг 323 қути ипак қурти парваришланиб, 2786 тонна пилла етиштириш режалаштирилган эди.
Вилоят пиллакорлари томонидан шу кунгача 2795,9 тонна “кумуш тола” йиғиштириб олинди. Вилоят хирмони юксалишида айниқса Ёзёвон, Бувайда, Бешариқ туманлари пиллакорлари фаоллик кўрсатди.

– Маълумки, манфаатдорлик юқори бўлган жойда иш сифати ҳам юксалади. Бу йилги мавсумда етиштирилган пилланинг ҳар бир килоси учун 35 минг сўмдан тарози устида ҳисоб-китоб қилинди. Чилги ҳосил учун жами 97 миллиард 857 миллион сўм пул маблағи тўланиб, оилаларга қўшимча даромад олиб кирилди, – дейди вилоят “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти бошқаруви раиси Мақсуджон Қосимов. – Эътиборлиси, дастлабки мавсумда соҳада 15 минг 183 нафар киши доимий, 89 минг 789 нафар фуқаролар мавсумий иш билан таъминланди.

Пиллачилик ривожида озуқа базаси муҳим аҳамиятга эга. Хом ашё базасини яратиш мақсадида вилоятда 12 минг 250 минг дона тут кўчатлари экиш режалаштирилган, баҳорги мавсумда 7 минг 370 минг туп тут кўчатлари экилган бўлса, 4 минг 880 минг туп кўчатлар куз мавсумида экилади. Шу орқали келгуси йилларда пилла хирмони янада юксак бўлишига эришиш кўзда тутилган. Вилоятда ипак қурти уруғини маҳаллийлаштириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2025 йил учун "Fargona tut ipak qurti urug‘i" масъулияти чекланган жамиятида 32 минг қути, "Muqobil ipak qurti urug‘chiligi" масъулияти чекланган жамиятида эса 40 минг 400 қути, жами 72 минг 400 қути ипак қурти уруғи тайёрланади. Бу йил 337,5 миллиард сўмлик ипак маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ҳамда 13,9 миллион долларлик ипак маҳсулотлари экспорт қилинади.

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири