English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғоналик пиллакорлар маррани забт этди
12:38 / 2022-06-06

Айни кунларда юртимизда саноатнинг муҳим хомашёси – пилла ҳосилини сифатли йиғиб олиш ишлари авж паллага кирган.

Фарғона вилояти пиллакорлари томонидан бу йил 39 минг 168 қути ипак қурти парваришланди, 2 минг 240 тоннадан зиёд “кумуш тола” етиштирилиб, режа ортиғи билан бажарилди. 

Таъкидлаш керакки, ўтган йили вилоятда 150 гектарга яқин янги тутзорлар барпо этилиб, 6 миллион 222 минг туп тут кўчатлари экилган эди. Жорий йилда бунга қўшимча равишда 7 миллион 267 минг туп тут кўчатлари ўтқазилиб, парваришланди. Бу эса ипак қурти учун етарли озуқа базаси яратилишига, пилла ҳосили мўл бўлишига замин яратди. Бундан ташқари, вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги 4 минг 923 та фермер хўжаликлари билан 8 та пиллачилик кластерлари ўртасида пилла етиштириш бўйича шартномалар ҳамда фермер хўжаликлари билан 32 минг 778 нафар қурт боқувчилар ўртасида ички меҳнат шартномалари тузилди. 

Ҳар бир туманда ташкил этилган инкубаторийларга малакали мутахассислар бириктирилди, сифатли уруғ етиштиришга эътибор қаратилди. Зарур жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди. 

– Эътиборлиси, кейинги йилларда пиллачилик тармоғи жадал ривожланмоқда. Бунда экспорт имкониятлари йилдан йилга яхшиланиб бораётгани, меҳнат қонунчилигида алоҳида имтиёзлар жорий этилаётгани, ипак қурти боқиш аҳолининг доимий даромад манбаига айланаётгани аҳамиятлидир, – дейди вилоят “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти бошқаруви раиси Мақсуджон Қосимов. 

– Аввало, пиллачилик кластерлари билан ҳамкорликда ҳар йили минглаб иш ўрни яратилмоқда. Ҳар бир килограмм пилла ҳосили учун бу йил 24 минг 700 сўмдан тарози устида нақд пул тўлаб берилди. Шунингдек, 5 минг сўмдан давлат субсидия маблағи ҳам тўланяпти. Даромад яхши бўлгач, меҳнатга муносабат ҳам, интилиш ва ғайрат ҳам ўзгача бўлиши табиий. Айни кунларда иккинчи мавсум ипак қурти боқиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. 

“Кумуш тола” хирмони юксалишида вилоятда ташкил этилган 6 та кластер корхоналари, жумладан, “Нурли тонг силк”, “Beshariq ipagi”, “Dangara ipagi”, “Silk world business”, “Водил ипак йигирув”, “Uchkoprik ipagi” масъулияти чекланган жамияти корхоналарининг ҳиссаси катта бўлди. Ўртача ҳосилдорлик 57,5 килограммни ташкил этгани ҳолда, пилла терими давом этмоқда.

М. Сулаймонов, ЎзА