Фарғона – Самарқанд – Фарғона йўналиши бўйлаб веломарафон ташкил этган 30 нафар отахонлар Фарғона шаҳрида тантанали кутиб олинди.
Инсон саломатлигида спортнинг ўрни беқиёс. Шу боис спортнинг оммавийлигини таъминлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарғоналик нуроний отахонлар велосипедда Фарғона шаҳридан Самарқандгача бўлган масофани босиб ўтиш орқали аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишни мақсад қилишган эди. Улар 31 март куни йўлга чиққан бўлиб, бугун мазкур марафон якунига етди.
«Само» спорт комплексида бўлиб ўтган кутиб олиш маросимида нуроний отахонларнинг спорт тарғиботидаги эзгу ишлари барчага ўрнак бўлиши кераклиги таъкидланди.
– Болалигимдан велосипед минишга қизиққаним учун доим у менинг ҳамроҳимга айланган, – дейди Марғилон шаҳрилик 69 ёшли Мухторжон ота Ғозиев. – Ҳаракатда бўлган инсон доим соғлом бўлади. Набираларимга ҳам спорт билан шуғулланишни уқтираман. Бундан олдин икки марта Тошкенга велесипедда бориб қайтганман. Бу сафар ўзимга ўхшаган шижоатли яқинларим билан биргаликда 600 километрлик масофани велосипедда босиб ўтдик. Самарқанддаги диққатга сазовор жойларни айланиб, буюк боболаримиздан қолган ёдгорликларни зиёрат қилиб қайтдик. Бундан кейинги мақсадимиз Қирғизистоннинг Ўш вилоятига боришдир.
[gallery-1923]
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА