Фарғоналик ота икки фарзанди учун олдиндан 110 миллион сўм алимент пулини тўлади
Мажбурий ижро бюросининг Фарғона шаҳар бўлимига фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2021 йил 21 июндаги буйруғига асосан қарздор Б.Ураимовдан икки нафар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун турмуш ўртоғи М.Ураимова фойдасига алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати тушган.
Ариза ижросини таъминлаш учун қарздор Б.Ураимовнинг ишлаб турган корхонасига иш ҳақидан ҳар ойда алимент учун тегишли маблағ ушлаб бориш ҳақида талабнома юборилди.
Бироқ, жорий йилнинг 22 сентябрь куни Б.Ураимов турмуш ўртоғи М.Ураимова билан бюронинг Фарғона шаҳар бўлимига ташриф буюриб, алимент пулини фарзандлари учун улар 18 ёшга тўлгунга қадар олдиндан тўлаб беришини маълум қилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, алимент қарзи 110 млн. сўм ҳисобланган ва қарздор шу куннинг ўзида ундирувчининг пластик карта рақамига ушбу пул маблағларини тўлиқ ўтказиб берган.