Таълим жонли жараён. У доим ўзгариб туради, ривожланади, технологик янгиликлар ҳисобига бойийди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда таълим муассасалари мутахассислари дунёнинг илғор услублари, хорижий тажрибани ўрганиш учун Японияга сафар қилдилар. Улар орасида 30 нафар фарғоналик фаол ўқитувчи ҳам бор.
Сафар Президентимиз раислигида жорий йилнинг 15 май куни бўлиб ўтган йиғилишда мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилмоқда.


Фарғоналик ўқитувчилар делегацияси Япония таълим муассасаларида бўлиб, ўқув жараёни, ўқитувчи ва ўқувчи муносабатлари, дарсдаги интизом ҳамда ҳамкорлик муҳити билан яқиндан танишмоқда.

– Делегациямиз вакиллари сафар давомида Япония таълим тизими билан танишиб, билим ва кўникмаларини бойитишмоқда, – дейди биз билан телефон орқали суҳбатда Фарғона вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов. – Биз Токио префектураси Сугинами тумани «Коендзи гакуэн» бошланғич мактаби фаолияти билан танишдик. Сўнгра шу тумандаги Момои 2-сонли бошланғич мактабида махсус эҳтиёжли ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиб, дарс жараёнларида қатнашдик. Болани нутқий ва ақлий ривожлантириш учун мусиқа ва жисмоний тарбия фанларининг ўрни жуда самарали эканлигини кўрдик. Яна бир қизиқарли воқеага гувоҳ бўлдик. «Коендзи гакуэн» бошланғич мактабида дарслар эрталабки бадантарбиядан бошланар экан. У рақс шаклида ташкил этилган. Дарсни эса мактаб ўқитувчилари эмас, балки ҳомий ва хайрихоҳлар ўтар экан.

Фарғоналик ўқитувчилар делегацияси учун сафар доирасида Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонасида “Япония мактаб таълими” ва “Японияда ахлоқий тарбия” тўғрисида маърузалар ташкил этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, “Коендзи гакуен” бошланғич мактаб фаолияти билан танишиш, Гакугеи университетида “Японияда педагогик кадрларни тайёрлаш тизими” ва Сока университетида “Япония таълим тизими” тўғрисида тақдимотлар ҳам бўлиб ўтади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА