Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғоналик оддий кулол ҳаёти саҳнада
17:41 / 2024-07-04

Фарғона вилояти мусиқали драма театрида драматург Илҳом Ўрмоннинг “Кулолнинг армони” номли асари асосида саҳналаштирилган спектакль премьераси бўлиб ўтди.

Миллий ҳунармандчилик бугунги кунда янги босқичга кўтарилган бўлиб, халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Устазодалар томонидан яратилган маҳсулотлар барчани ҳайратга солиб, сайёҳларни ўзига чорлаяпти. Ижодкорларимиз томонидан уларнинг машаққатли меҳнати ва ибратли ҳаёт йўли асосида янги асарлар яратилаётгани қувонарлидир. Мазкур спектакль ҳам ана шу ишлардан биридир.  У Риштон кулолчилик мактабидан етишиб чиққан ва ўзига хос, бетакрор услубини ярата олган усталардан бири, “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси Тоҳиржон Ҳайдаровнинг ҳаёти ва ижодига бағишланади.  

Спектаклнинг премьераси олдидан сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов, таниқли адиб ва драматург, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Сайдали Одиловлар Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда миллий ҳунармандчиликка қаратилаётган катта эътибор хусусида тўхталди. Бугун Риштонда Тоҳир кулол музей-устахонасини излаб келаётган нафақат юртдошларимизнинг, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам кети узилмаётгани мамнуният билан қайд этилди.  

“Кулолнинг армони” драмасида бугунги ўзбек ҳунарманди юрагидан кечаётган ўйлар, изтироблар, орзулар ўзига хос талқинда ифодаланган. Режиссёр Обиджон Абдуллаев томонидан саҳналаштирилган спектаклнинг таъсирчан ва ҳаётийлигини рассом Фурқат Қўчқоров яратган декорация ҳамда безаклар таъминлаган. Бош ролни Акмал Мирзаев маҳорат билан ижро этмоқда.  

– Дастлаб драма ҳақида эшитганимда оддий кулол ҳаёт мезонларини қиёмига етказиб ифодалаб бера олинганмикин, дея шубҳаланган эдим, – дейди режиссёр Обиджон Абдуллаев. – Тоҳиржон ака билан суҳбатлашиб, ҳаёт тарзини, мулоҳазаларини тинглаб, драма билан танишар эканман, уста кулолнинг қанчалар ўзига хос ижодкор эканига ва бу “Кулолнинг армони”да тўлиқ акс эттирилганига гувоҳ бўлдим. Мен бу саҳна асарига жиддий киришишим, ўзбек кулолининг ўзига хос ҳаёт тарзини, ҳақиқатларини нафақат Ўзбекистонга, балки бутун дунёга кўрсатишим зарурлигини англадим.  

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири