ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги икки йилдан буён юртимизда 20 август Тадбиркорлар куни сифатида кенг нишонланиши яхши анъанага айланди. Сана муносабати билан Президентимизнинг тегишли Фармон ва фармойишига кўра, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, соҳада янги ва истиқболли лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш, юртимизнинг иқтисодий қудрати ҳамда экспорт салоҳиятини юксалтиришга қўшаётган улкан ҳиссаси учун бир гуруҳ фаол ва фидойи ҳамюртларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланади.
Бундай юксак эътирофга сазовор бўлганлар орасида 11 нафар фарғоналик ҳам бор. Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройида мукофотланган тадбиркорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
[gallery-18772]
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров йиғилганларни яқинлашиб келаётган Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги санаси билан қутлаб, ҳар қандай мамлакат тараққиётини таъминлашда, энг аввало, бу юртнинг иқтисодий салоҳияти, қулай тадбиркорлик муҳити яратилганлиги билан бевосита боғлиқ эканлигини таъкидлади. Сўнг юксак эътирофга сазовор бўлган тадбиркорларга орден, медаль ва кўкрак нишонлари тантанали тарзда топширилди.
Тадбирда сўз олган тадбиркорлар билдирилган юксак ишончга муносиб бўлиш, мамлакатимиз, хусусан, вилоят иқтисодиёти юксалишига ўз ҳиссасини қўшиш, янги иш ўринлари яратиш орқали халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилаш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш йўлида сидқидилдан меҳнат қилишини билдирди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА