Президентимизнинг 2024 йил 16 октябрдаги “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” фармони юртимизда баркамол авлод орзуси йўлидаги ишлар кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Айни жараёндаги саъй-ҳаракатлар доирасида Фарғона саноат ва хизмат кўрсатиш техникумида халқаро таълим дастури бўйича синов ташкил этилди. Бу дастур асосан Буюк Британиянинг "Pearson BTEC-3” халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Халқаро таълим дастури орқали компютер графикаси ва дизайн оператори, электромонтёр, металларга ишлов бериш ҳамда пайвандловчи каби меҳнат бозорида талаб ва эҳтиёж катта бўлган замонавий касблар бўйича малакали мутахассислар тайёрланади.

Таълим дастури режасига кўра, ҳар бир йўналишга 30 нафардан – 4 та йўналиш бўйича 120 нафар ўқувчи саралаб олинади. Ўқувчиларга ўқув йилининг сўнгги амалиёт дастурларини 70 дан ортиқ давлатларда ўташи учун имконият яратилади. Якунда эса ўқувчиларга 120 дан ортиқ мамлакатда тан олинган халқаро тоифадаги диплом ҳамда сертификат берилади.

Фарғонада энг билимдон ва иқтидорли йигит-қизларнинг дастлабки гуруҳи саралаб олинди. Бу таълим дастурида ўқиш орқали улар келажакда жаҳон бозорида рақобатдош мутахассис сифатида энг нуфузли халқаро компаниялар, юртимиздаги корхона-ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларида меҳнат фаолиятини олиб бориш имконига эга бўлади.
М.Сулаймонов, ЎзА