English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғоналик 111 талаба Кореяда ўқиб, ишлаши мумкин
09:43 / 2022-08-21

Фарғона шаҳридаги Корея Халқаро университетининг 111 нафар талабаси 4-курсда Кореяда таҳсил олиш имкониятини қўлга киритди. Гап шундаки, 3+1 дастури асосида улар балакавриатнинг охирги босқичини Корея Республикасидаги Sun Moon университетида давом эттиради. Сўнгра магистратурада ўқишлари, уни тугатгач, ўз мутахассисликлари бўйича нуфузли корхоналарда иш олиб боришлари мумкин.

– Бундай имкониятдан таълим муассасамизда таълим олаётган ҳар бир талаба фойдаланиши мумкин, – дейди университет ректори жаноб Хан Жей Сок. – Келгусида талабаларимизга янада пухта билим бериб, бошқа ҳамкор университетларда таҳсилни давом эттиришлари учун бор куч-ғайратимизни аямаймиз.  

Кореяда ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлган талабаларнинг қувончи чексиз. Негаки, улар бу орқали ҳам Кореядаги Sun Moon университети, ҳам Фарғонадаги  KIUF дипломига эга бўлишади. 

– Мазкур университетнинг автомобилсозлик муҳандислиги факультетида ўқийман. Охирги босқични Кореяда давом эттираётганимдан жуда хурсандман, – дейди университет талабаси Абдуқодир Ҳомидов. – Ушбу олий таълим муассасасига ўқишга кириб адашмаган эканман. Ниятим – ўз йўналишим бўйича илмий иш билан шуғулланиш, дунёга машҳур Hyundai ва KIA компанияларида тажриба орттириб, ватанимиз равнақига ўз ҳиссамни қўшишдир. 

Айтиш керак, бугунги кунда Корея халқаро университетида 1800 нафар талаба таҳсил олмоқда. 3+1 дастури орқали Kvangvun, Seogyeong, Halla, Hansung, Seojeong университетлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган.

– Ўзбекистонлик ёшларнинг билимга чанқоқлиги бизни ҳайратга солади. Улар корейс тилида бемалол суҳбатлашиб, ўқув дастурларини ўзлаштиряптилар, – дейди мазкур университет асосчиси Парк Жун Хо. – Бугун илк қалдирғочларимизни  – саралаб олинган билимдон ёшларни Кореяга кузатаётганимиздан хурсандман. Келажакда бундай талабалар сафи янада кенгайишига ишонаман. 

Бугунги кунда университетда 54 нафар профессор-ўқитувчилардан 37 нафари фан доктори (PhD) ва улардан 43 нафари Жанубий Корея Республикасидан келган мутахассислар ҳисобланади. 

Фарғона шаҳридаги театр-концерт саройида бўлиб ўтган Мустақиллик оқшоми тантаналари Кореяда ўқиш имконини қўлга киритган талабаларга махсус сертификат ва йўлланмаларни топшириш тадбирига уланиб кетди. Вилоят ҳокимлиги вакиллари, турли бошқармалар бошлиқлари, ота-оналар иштирокида улар тантанали равишда тақдирланди. Мамлакатимиз ривожи учун камарбаста бўлишни орзу қилган ёшларга оқ йўл тиланди.
 

М. Сулаймонов,
ЎзА