Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонага хориждан 5 минг бош наслли моллар олиб келинмоқда
11:20 / 2020-11-07

Фарғона вилоятида 400 дан зиёд чорвачилик фермер хўжаликлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, жорий йилда 61 та янги лойиҳа амалга оширилмоқда.

Чорвачилик юқори даражада ривожланган кўплаб давлатларда асосий эътибор молларнинг бош сонини кўпайтириш билан бир қаторда уларнинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, чорвачиликда юқори натижаларга эришаётган хорижий давлатлар тажрибасини ўзлаштириш, чет элдан зотдор молларни олиб келиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.  Бу йил вилоятга 5 минг бош наслли моллар хориждан олиб келинаётгани ҳам соҳа ривожига бўлган эътибордан далолатдир.

Ёзёвон туманидаги “Агро Ёзёвон” чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигида ҳозирда 150 бош қорамоллар парваришланяпти. 26 гектар ерда озуқа экинлари етиштирилмоқда. Ўтган йилда Австриядан 33 бош наслли моллар олиб келинди ҳамда уларни кўпайтириш, маҳаллий шароитга мослаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

-Чорвада барака бор, -дейди фермер хўжалиги раҳбари Дилбархон Тўйчиева.-Айниқса, наслли моллардан самарадорлик ниҳоятда яхши. Шу боис ҳам биз наслчиликка алоҳида эътибор қаратяпмиз. Айни кунларда сутни қайта ишлаш тармоғини ишга тушириш ҳаракатидамиз.

Бугунги кунда туманда 33 та чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликлар бор. Уларда 2 минг бошдан ортиқ наслли қорамоллар парваришланмоқда. “Умид”, “Чашмаи Райҳона”, “Зарбулоқ” каби хўжаликларда яхши тажриба яратилган бўлиб, йилдан-йилга чорва сони кўпайиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида туманга хориждан 200 бош наслли моллар олиб келинди.