Фарғонага 100 та онлайн ишловчи видеорегистраторлар олиб келинди
Фарғона вилоятида ҳозирда фойдаланилаётган махсус фотовидеофиксация қурилмалари билан биргаликда эндиликда вилоят ички ишлар бошқармасининг махсус транспорт воситалари ва профилактика инспекторларининг шахсий автомобилларига махсус автоматик равишда қоидабузарликларни аниқлаб, қайд этувчи видеорегистратор қурилмалари ўрнатилмоқда.
Вилоят ҳокимлигининг кўмаги билан айни кунларда 100 та замонавий онлайн тарзда ишловчи видеорегистраторлар олиб келинди, йил охирига қадар уларнинг сонини мингтага етказиш кўзда тутилган.
– Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимига жорий этилаётган мазкур автоматик ишловчи қурилмалар кўплаб афзалликларга эга, – дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Юнус Марксов. – Йўлларда бошқа транспорт воситалари томонидан содир этилган қоидабузарлик автоматик равишда қайд қилинади. Махсус dyhxx.ejarima.uz сайтига онлайн тизим орқали юборади.
Махсус сайтга юборилган қоидабузарликлар қайд этилган тасвирлар йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан кўриб чиқилади ва қоидабузарлик тўғрисида қарор қабул қилинади.
М. Сулаймонов, ЎзА