Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонадаги хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб
14:04 / 2023-05-19

Фарғонада Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг вилоят босқичи якунланди. Унда шаҳар ва туман босқичида муваффақиятли қатнашиб, биринчи ўринни олган 19 та мактаб жамоалари иштирок этди.

Вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда чет тилларни ўрганиш ва ўргатишга алоҳида эътибор кўрсатилаётганини таъкидлади. Хусусан, жорий ўқув йилда ҳам мазкур танловнинг шаҳар ва туман босқичида ғолиб бўлган жамоалар муносиб рағбатлантирилиб, 1-ўрин учун 100 миллион сўм, 2-ўрин учун 75 миллион сўм, 3-ўрин учун 50 миллион сўм, жами 2 миллиард 925 миллион сўм пул мукофотлари берилди.

Тадбир давомида ўқувчилар томонидан тайёрланган чиқишлар, қўшиқ ва рақслар йиғилганларга янада кўтаринки кайфият улашди. Шундан сўнг 7-, 8-, 9-синф ўқувчиларидан шакллантирилган 5 нафар иштирокчилардан иборат жамоалар тинглаб тушуниш (listening), ёзиш (writing), ўқиш (reading) ва лексик-грамматик кўникмалари бўйича умумий 100 баллик мезонда баҳс олиб борди. Устозлар ва ўқувчиларнинг яқинлари учун жараёнларни монитор орқали кузатиб бориш имконияти яратилгани шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Натижаларга кўра, 3-ўринга муносиб деб топилган Бағдод туманидаги 25-мактаб жамоасига 150 миллион сўмлик, 2-ўринни қўлга киритган Марғилон шаҳридаги 11-мактаб жамоасига 200 миллион сўмлик сертификатлар топширилди. Фарғона шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби жамоаси эса 1-ўринни эгаллади ва 250 миллион сўм миқдорида Президент соврини билан мукофотланди. Жамоа эндиликда танловнинг Республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.

М.Сулаймонов, ЎзА