Хабарингиз бор, ҳавонинг совиши табиий газ босимини анча пасайтириб юборди. Барча ҳудудларда бўлганидек, Фарғона вилоятида ҳам аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларининг фаолияти чекланди.
Кунлар исий бошлагач эса “метан заправка”лар фаолияти тикланиб, белгиланган соатларда хизмат кўрсатмоқда. Шундай бўлсада шохобчаларда турнақатор навбатлар камайгани йўқ.
Гап бошқа масалада. Бугунги кунда тез тиббий ёрдам, коммунал ҳамда бошқа хизмат кўрсатувчи идораларнинг автомашиналари газга мослашган. Ижтимоий тармоқларда яқинда Фарғонада тез ёрдам машиналари газ олиш учун метан заправкада навбат кутгани акс этган хабар тарқалди. Унга тегишли муносабат ҳам берилди.

Яна бир масала бор. У ҳам бўлса ҳудудлардаги маиший чиқиндиларни ташиш билан шуғулланувчи субъектларнинг автомашиналари газ бўлмагани учун ўз вақтида чиқиндиларни олиб кетолмаяпти. Масъул идоралар эса бунинг ечимини асло ўйлагани йўқ.
Хусусан, Фарғона шаҳридаги кўплаб маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида ахлат уюмлари кўпаймоқда. Хонадонлардан чиқаётган маиший чиқиндилар ташқарисига олиб чиқиб қўйганича турибди. Сабаби уларни ташишга мўлжалланган автомашиналарнинг ёқилғиси, яъни гази йўқ.
Масъуллар бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун сал бош қотирса яхши бўлармиди? Ҳеч бўлмаса, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг автомашиналари учун автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларидан алоҳида йўлак ажратилса мақсадга мувофиқ бўлармиди?
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири