Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонадаги ислоҳотлар ўз натижасини бера бошлади
22:20 / 2022-05-13

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ислоҳотларнинг жойлардаги ижроси, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 12-13 май кунлари Фарғона вилоятида бўлди.

Ташрифнинг иккинчи куни давлатимиз раҳбари иштирокида Фарғона шаҳрида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Фарғоналикларнинг тадбиркорлиги, миришкорлиги туфайли сезиларли натижаларга эришилмоқда. Хусусан, охирги бир йилда 10 мингдан зиёд кичик корхона ташкил этилган. Экспорт ҳажми 44 фоизга ошиб, 801 миллион долларга етган.

Қувасой шаҳридаги “Кварц” корхонасида 70 миллион доллар инвестиция ҳисобидан йилига 22 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Қўштепадаги “Глобал текстиль инфинити” корхонасида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 120 миллион евролик лойиҳа жадал амалга оширилмоқда. Корхона тўртинчи чоракда ишга тушиб, 3 мингта янги иш ўрни яратилади.

– Биз тўғри йўлни танлаб олдик, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бу жойларда ўз натижасини бераяпти. Фарғона вилояти 801 миллион долларлик экспорт қилган. Иш бошлаганимизда 50 миллион долларни мўлжаллар эдик. Ҳозир 1 миллиард доллар экспорт тўғрисида гаплашаяпмиз. Бу – вилоят маҳсулотлари дунё бозорига рақобатбардош бўлиб кириб бораяпти, дегани. Бунинг учун ақл, билим, шижоат керак. Жорий йил якуни бўйича маҳаллий бюджетда 1 триллион сўм қолиши кутилаяпти. Бунинг эвазига одамларга шароит, тадбиркорлик инфратузилмаси бўлади. Энди бу йўлни давом эттиришимиз керак.

Давлатимиз раҳбари вилоятда мутасаддилар иштирокида сайёр қабуллар ўтказилгани, уларда кўтарилган муаммоларнинг кўпи маҳаллий даражада эканига эътибор қаратди.

– Бу ерга келишдан олдин қабуллар ташкил қилдик. Аҳоли мурожаатларининг 45 фоизи жойида ҳал қилинган. Бу яхши ва биз бу амалиётни давом эттирамиз. Лекин савол туғилади: ҳоким, сектор раҳбарлари нима қилган? Бундай масъулиятсизлик, одамларни овора қилишга чек қўйиш керак, – деди Президент.

Аҳоли ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, ҳар бир маҳалланинг ихтисослашуви ривожлантирилиши, жорий йилда 147 минг фуқаро бандлигини таъминлаш учун 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши айтилди.

– Ҳамма соҳада маҳалла тизимининг ролини ошираяпмиз. Маҳалла халқнинг фикри дегани, халқнинг истаги дегани. Бунинг учун ҳуқуқий асос яратдик. Фарғона вилоятида 1062 та маҳалла бор. Ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача бирлашиб, тегишли ташкилотларни жалб этиб, одамларнинг оғирини енгил қилиши керак. Фарғона бу масала бўйича ҳам намуна бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари маҳаллаларни ривожлантириш, ижтимоий масалаларни ҳал этишда тадбиркорлар таянч эканини таъкидлади.

– Тадбиркорларга шароит яратсак, одамларга нафи тегади, ёшларни ўз ортидан эргаштиради. Тадбиркорни сийласак, у халқни сийлайди, – деди Президентимиз.

Вилоят тадбиркорларининг 183 та инвестиция лойиҳасини молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қўшимча 23 миллион доллар йўналтирилиши белгиланди.

Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари ва бошқа мутасаддилар ўз тизимини қуйи бўғинда ишлатиш бўйича халққа ҳисобот берди.

Вилоятда 2022-2023 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 31 триллион сўм бўлган 1 минг 268 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши қайд этилди. Бунда кимё, қурилиш материаллари, тўқимачилик, электротехника, чарм, фармацевтика тармоқлари “драйвер” бўлади.

Қишлоқ хўжалигида 653 та лойиҳа амалга оширилиб, 23 мингта доимий иш ўрни яратилади. Олтиариқ, Фарғона ва Бағдод туманларида 1 минг 200 гектарда интенсив боғ ва узумзорлар барпо этилиб, ташаббускорларга 10 йилда бўлиб тўлаш шарти билан ажратиб берилади.

Шунингдек, уй-жой ва йўллар қуриш, электр энергияси ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, мактаб ва боғчаларни таъмирлаш бўйича режалар маълум қилинди.

– Биз Фарғонадан катта натижалар кутамиз, – деди давлатимиз раҳбари. – Бу эл тарихдан илм-фан, маданият, ҳунармандлик бўйича намуна бўлган. Фарғоналиклар меҳнатсевар, ишбилармон. Бу салоҳиятни, ички имкониятларимизни тўлиқ йўлга қўйиб, халқимизни рози қилиш керак.

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида очилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти билан танишди.

Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги – KOICA билан шерикликда ташкил этилган ушбу мажмуада электроника, ахборот технологиялари, автомобилсозлик, тикувчилик, сартарошлик-косметология каби талаб юқори касблар бўйича мутахассислар тайёрланади.

Марказга барча замонавий ускуна ва жиҳозлар Жанубий Кореядан олиб келинган. Ўқув-машғулотлар ҳам ушбу мамлакат дастур ва қўлланмалари асосида ўтилади. Бунинг учун 5 нафар кореялик мураббий жалб этилган. Айни пайтда 240 нафар киши сабоқ олмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўқув жараёнларини кўздан кечириб, ёшлар ва хотин-қизлар билан суҳбатлашди.

– Ўқиш, изланишга ҳеч қачон кеч эмас. Келиб, касб ўрганаётганингиз эртанги кунингизга бефарқ эмаслигингиздан далолат. Бироз қийин бўлар. Лекин ўзингизни, фарзандларингиз келажагини ўйласангиз, шунга қунт қилинг. Қийинчилик ўтиб кетади, сиз бойлик яратаяпсиз, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари кореялик мураббийлар билан ҳам суҳбатлашиб, уларга миннатдорлик билдирди.

Ҳозиргача мамлакатимизда бу каби марказлар Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида бор эди. Фарғонада ташкил этилган янги марказ эса водий вилоятлари аҳолисига хизмат кўрсатади. Узоқдан келиб, касб ўрганувчилар учун ётоқхона ҳам барпо этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида “Янги Ўзбекистон” массивининг қурилиш майдонида бўлди.

300 гектарли ушбу массивда 298 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Шундан 80 таси бу йил тадбиркорлар томонидан барпо этилади.

Шунингдек, иккита умумтаълим мактаби, учта мактабгача таълим ташкилоти, тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, спорт мажмуаси ва масжид қурилади. 50 гектарда ташкил этиладиган кичик саноат зонаси аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Массив ўртасидаги 70 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи” ва сунъий кўл ташкил этилади. Ҳозирданоқ 10 минг тупдан зиёд дарахт кўчатлари ўтқазилган. Жами 21 минг туп экилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Фарғона туманининг Янги аср, Ёзёвон туманининг Юқори сойбўйи маҳаллаларида ҳам “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилади.

Жорий йилда Фарғона вилоятида жами 9 минг 429 квартирали 244 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилади.

Давлатимиз раҳбари ҳудудга коммуникация тармоқлари тортиш, уйларга замонавий хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Абдулазиз МУСАЕВ,

ЎзА мухбирлари