Фарғона архивида сақланаётган тарихий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар орасида халқимизнинг миллий қаҳрамони Мадаминбек фаолиятига оид нодир манбалар ҳам бор.
Уларда асл исми Мадаминбек Аҳмадбоев бўлган қўрбошининг Марғилон, Водил, Фарғона уездларидаги озодлик ҳаракатлари, қизил армияга қарши олиб борган юришлари ҳақида қимматли маълумотлар акс этган.
Ҳа, архив бутун бир тарихни ўзида мужассам этади. Кўҳна битиклар, ёдномалар, тақдирлар акс этган ҳужжатлар аслида халқимиз учун ноёб дурдонадир. Кўпчилик архив фаолияти билан яхши хабардор эмас. “Ўзархив” агентлиги томонидан ташкил этилган пресс-турда Фарғона вилоятида архив иши ва иш юритиш ҳолати оммавий ахборот воситалари ходимларига яқиндан таништирилди.
– Архив сизу биз кўрмаган қадим тарихдан то бугунгача бўлган даврнинг тилсиз гувоҳидир, – дейди агентликнинг ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев. – Сўнгги йилларда ушбу мураккаб соҳага эътибор тубдан ўзгарди. Айниқса, “ёпиқ маълумотлар”нинг очилиши энг муҳим воқеалардан бири бўлди, десак янглишмаймиз. Архив идоралари ҳам бугун барча учун очиқ. Ҳар куни архивларимизда қайноқ меҳнат жараёни. Бугун биз ана шу фаолият билан янада яқинроқ танишиш имконига эга бўламиз.
Иштирокчилар дастлаб Фарғона вилоят давлат архивида давлат сақловидаги архив ҳужжатлари ва фотокўргазмани кўздан кечирди. Бу ерда ҳужжатлар сақланишини таъминлаш, рақамлаштириш жараёни, ҳужжатларни реставрация қилиш лабораторияси ҳамда таъмирлаш жараёни кабилар билан танишди.
[gallery-1728]
“Ўзмиллийбанк” АЖнинг вилоят филиалида эса идоравий архивда давлат архивлари ходимлари ҳужжатларининг жамланиши ва сақланиши бўйича ахборот берилди. Журналистлар пресс-тур давомида Марғилон шаҳар давлат архивида тарихий ҳужжатлар асосида ташкил этилган фотокўргазма, архив иши ва иш юритиш ишларини бориб кўрди.
Анжуманда Фарғона вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида ахборот берилди. Бошқарма тизимида бугунги кунда 18 та давлат архиви фаолият кўрсатмоқда. Мазкур архивларда 800 мингдан зиёд ҳужжат сақланиб келинмоқда. Ҳар йили ўртача 15 минг сақлов бирлигидан зиёд ҳужжат давлат архивларига келиб тушади.
– Ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг алоҳида қимматли ҳужжатларининг электрон шаклини яратиш ишлари янада жадаллашди, – дейди бошқарма бошлиғи Юсуфжон Камолов. – 1 минг 629 сақлов бирлигида, 212 минг 683 кадр ҳужжатларнинг электрон нусхалари яратилди. Шунингдек, архив идоралари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланмоқда. Архивлар томонидан ташкилот ва корхоналар учун соҳага оид ички норматив ҳужжатларни тайёрлаш бўйича 108 та идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Вилоятимиздаги 34 та бошқарма ва унинг тизимидаги 500 дан ортиқ шаҳар ва туман ташкилотларда архив иши ва иш юритиш ҳолати бўйича ўрганишлар ўтказилди.
Архивлар – буюк тарихимиз кўзгуси. Уларда халқимиз босиб ўтган ўтмиш, бугунги дориломон кунларимиздан гувоҳлик берувчи ҳужжатлар жамулжам. Демак, уларни келажак авлодга бекаму кўст етказиш соҳа мутахассисларининг муҳим вазифасидир.
М.Сулаймонов, М.Қодиров(сурат), ЎзА