Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили Фарғона вилоятига ташрифи давомида Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ишлар аҳволини таҳлил қилиб, келгусидаги вазифаларни белгилаб берган эди.
Шу вазифалардан келиб чиқиб, Фарғона вилоятида жиноятчиликни жиловлаш, қонун устуворлигини таъминлашга муҳим эътибор қаратилмоқда.
Вилоятда ўтган йилда содир этилган умумий жиноятлар сони 2 минг 157 тага (15182 тадан 13025 тага) ёки 14,2 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 1 минг 884 тага (10970 тадан 9 086 тага) ёки 17,2 фоизга камайишига эришилди.
Содир этилган умумий жиноятларнинг 48 фоизи Фарғона, Қўқон Марғилон шаҳарлари ва Олтиариқ тумани ҳисобига тўғри келади.
Бу ҳақда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Азизбек Икромов Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида маълум қилди.
Шу билан бирга қотиллик жинояти вилоятда камайган бўлсада, Қўқон шаҳар, Учкўприк, Қўштепа, Риштон, Тошлоқ, Риштон, Сўх туманларида, босқинчилик жинояти Марғилон шаҳар, Бешариқ ва Қўштепа туманида, номусга тегиш жинояти Қўқон шаҳри, Қува, Фарғона, Данғара ва Фурқат туманларида, ўғирлик жинояти Олтиариқ, Бешариқ, Тошлоқ, Фурқат ҳамда Сўх туманларида, талончилик жинояти Қўқон шаҳар, Қўштепа Бешариқ, Фурқат, Тошлоқ ва Бувайда туманларида ошиб кетишига йўл қўйилган.
“Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тамойиллари асосида жойларда маҳаллабай ишлар тўғри ташкил этилмаганлиги натижасида вилоятдаги 1 минг 62 та маҳалладан 755 тасида жиноят содир этилганлиги ташвишланарлидир. Вилоятда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари камайишга эришилган бўлсада, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари Тошлоқ, Фарғона, Учкўприк, Бувайда ва Риштон туманларида ошиб кетган.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири