Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада жиноятлар асосан ичкиликбозлик, ишсизлик, оилавий ва қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликлар оқибатида келиб чиқмоқда
10:04 / 2021-07-24

Одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида Фарғона вилоят судлари томонидан 2021 йилнинг биринчи ярмида муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туман, шаҳар судлари томонидан жами 4 минг 356 нафар шахсга нисбатан 3 минг 662 та жиноят иши тамомланган. Тамомланган ишлардан 2 минг 869  нафар шахсга нисбатан 2 минг 243  та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилди.  

Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида судлар томонидан жорий йил биринчи ярмида 5 нафар фуқарога нисбатан тергов органи томонидан қўйилган айбловлар бекор қилиниб, уларнинг барчасига биринчи инстанция судлари томонидан оқлов ҳукмлари чиқарилган.Шунингдек, ушбу даврда 608 нафар шахсга нисбатан 415 та жиноят иши бўйича дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айблов ўзгартирилиб (модда тўлиқ айбловдан чиқарилган, модда қисми ёки банди чиқарилган ёки бошқа моддага малакаланиб ҳукм чиқарилган) ҳукм ўқилди.

Таҳлилларга кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар Қўштепа, Бувайда, Бешариқ, Ёзёвон, Фурқат туманларида, унча оғир бўлмаган жиноятлар Қувасой шаҳрида, Бағдод, Данғара, Учкўприк туманларида, оғир жиноятлар Фарғона, Қўқон, Марғилон шаҳарлари, Ўзбекистон туманида, ўта оғир жиноятлар Олтиариқ, Қува, Риштон туманларида кўпайган.

Вилоят миқёсида судлар томонидан кўрилган ишлардан қасддан одам ўлдириш ёки суиқасд қилиш 9 тага, қасддан баданга оғир шикаст етказиш 44 тага, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш 176 тага, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш 87 тага, ҳақорат қилиш 70 тага, босқинчилик 11 тага, талончилик 94 тага, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш  56 тага, фирибгарлик 685 тага ошган.

Таҳлиллар ҳисобот даврида ишлари судда кўрилган 4 минг 356 нафар шахсларнинг 855 нафари ёки 19,6 фоизи муқаддам судланган шахсларни ташкил этишини, шунингдек, жиноятлар асосан ичкиликбозлик, ишсизлик, оилавий ва қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликлар оқибатида келиб чиқаётганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2021 йил 29 апрелдаги ҳукмига кўра, А.Акбаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари (икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан, илгари қасддан одам ўлдирган шахс томонидан қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Мазкур жиноят иши бўйича судланувчининг шахсига оид маълумотлар ўрганилганида А.Акбаров муқаддам бир неча бор судланганлиги, илгари қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлиги учун суд томонидан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмай қолган қисми ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилиб, озодликка чиқарилганлиги, жиноят содир қилинган вақтда вақтинча ишсиз эканлиги маълум бўлди.

Бугунги кунда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда ИИБ ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда чора-тадбирлар олиб борилаётган бўлса-да, амалга оширилаётган профилактик тадбирлар талаб даражасида эмаслиги бу соҳадаги ҳамкорликни янада жадаллаштиришни тақозо этади.

М.Сулаймонов, ЎзА