Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади
17:48 / 2025-09-12

Фарғона шаҳрида заргарлик маркази – олтинни қайта ишлаган ҳолда заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланишга топширилди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда саноатнинг барча йўналишлари, шу жумладан, заргарлик соҳасини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, берилаётган имтиёзлар хусусида сўз юритиб, мазкур корхона ана шу ишларнинг амалий самараси эканлигини билдирди.

Президентимизнинг “Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси асосида Республика бўйича учинчи заргарлик маркази Фарғонада очилганига эътибор қаратилди.

Лойиҳа ташаббускорлари ҳамда “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси мутасаддиларига ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирилиб, марказ дунё заргарлик саноатида ҳам алоҳида ажралиб туришига тилак билдирилди.

Туркиялик инвестор Жемил Аклли ва озарбайжонлик ишбилармон Наил Шахвердиев ҳам сўз олиб, бу лойиҳа дастлабкиси бўлиб, келгусида ҳамкорликда яна кўплаб истиқболли лойиҳалар бўйича биргаликда ишлашга тайёр эканликларини айтиб ўтишди.

“AMASTA” хорижий корхонаси “Ferga gold” бренди остидаги маҳсулотлар халқаро стандартларга жавоб бера олиши билан бирга, замонавий дизайн ва юқори сифат орқали юртимиз ҳамда халқаро бозорларга кириб боришни мақсад қилган.

Корхона энг замонавий ва юқори технологияларга асосланган бўлиб, лойиҳа қиймати 6 миллион долларни ташкил этади. Заргарлик йўналишида 300 та юқори даромадли иш ўрни яратиш кўзда тутилган, ҳозирда 60 нафар аҳоли ишга қабул қилинди.
 

Туркия ва Озарбайжонлик инвесторлар билан ҳамкорликда йиллик умумий қиймати 2,2 триллион сўмлик 1,5 тонна заргарлик буюмлари тайёрланади.

Фарғонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат маҳаллий бозорда сотилади, шунингдек, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Туркия ва Хитой каби йирик бозорларга ҳам экспорт қилинади.
 

Тадбир давомида рамзий лента қирқилиб, меҳмонлар корхонадаги иш жараёнлари, маҳсулотлар билан яқиндан танишди.

М.Сулаймонов, ЎзА