English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада юртимизда биринчилардан бўлиб тиббиёт тизими рақамлаштирилмоқда
11:09 / 2021-08-09

Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги тиббиёт муассасаларида мамлакатимизда биринчилардан бўлиб рақамлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳозирда замонавий ахборот тизимлари жорий этилди ҳамда туман, вилоят ҳамда юртимиздаги тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик ўрнатилди. Эндиликда бирламчи бўғинда ҳам касалликка ташхис қўйиш ва даволаш имкони бор.

Соғлиқни сақлаш соҳасида бирламчи тиббиёт тизими ривожисиз юқори натижага эришиш мушкул. Шу боис бирламчи бўғинни такомиллаштириш, фаолияти самарадорлигини ошириш борасида муҳим вазифалар белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳада янги тизимнинг жорий этилаётганлиги билан аҳамиятлидир.  

Фарғона вилоятида бу борада чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, муайян ишлар амалга оширилаётир. Марғилон шаҳри ва Олтиариқ туманида тажриба сифатида янги тиббий профилактика ва патронаж тизими жорий этилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишлар аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш ва касалликлар профилактикасида муҳим ўрин тутади.

Шаҳар ва туман ҳокими ўринбосарлари, тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ҳамда соҳа мутахассислари Олтиариқ туманида бу борада олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов, вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов тиббиёт муассасаларидаги илк бор йўлга қўйилган рақамлаштириш жараёнини юқори баҳолади. Шифокорлар, аҳоли билан мулоқотда бўлиб, соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларнинг самаралари хусусида сўз юритди.

Дарҳақиқат, Олтиариқ тумани намунали ҳудуд сифатида белгилаб олиниб, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, бирламчи тиббий хизмат сифатини ошириш ва патронаж тизими самарадорлигини ошириш бўйича мутлақо янги механизм яратилди. Тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ва замонавий тиббий жиҳозлаш шу билан бирга тизимни автоматлаштириш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 17,4 миллиард сўм маблағ сарфланди. Моддий-техник базасини яхшилаш учун компьютер, планшет ва бошқа зарур жиҳозлар олинди ҳамда тўлиқ локал интернет тармоқларига уланди. Шунингдек, “электрон поликлиника” ахборот тизими жорий этилди. Ҳар бир маҳалла кесимида биттадан жами 72 та “тиббиёт бригадалари” ташкил этилиб, 220 нафар шифокор, 1 737 нафар ўрта тиббиёт ходимлари жалб этилди. Улар томонидан тумандаги 38 минг 164 та хонадонлардаги аҳолининг 211 минг нафарида антропометрик ўлчовлар амалга оширилди.

– Ҳар бир хонадон ва маҳаллаларнинг тиббий картаси шакллантирилди, – дейди Олтиариқ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шуҳратхон Бузруков. – Шу билан бирга аҳолини электрон базаси ҳам яратилиб, саломатлик кўрсаткичига мувофиқ 4 та саломатлик гуруҳларига ажратилди. Тиббиёт тизими автоматлаштирилиши натижасида айрим қоғозбозликларга чек қўйилиб, маълумотларни электрон алмашинув тизими йўлга қўйилди. Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларга дори воситалари учун ажратиладиган маблағ 3 баробарга оширилиб, аҳоли жон бошига 15 минг сўмга етказилди. Мазкур ишлар натижасида аҳолини вилоят ва тумандаги марказий шифохоналарга қатнови сезиларли даражада камайди. “Электрон поликлиника” тизими жорий этилиши билан, аҳоли ва муассаса ўртасида электрон алоқа ўрнатилиб, вақти тежалган ҳолда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатила бошланди.  

Тадбир иштирокчилари дастлаб Ҳамза шаҳарчасидаги туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиниканинг “Тинчлик” шаҳарча қисми биноси очилиш маросимида иштирок этди. Бу ердаги шарт-шароитлар, рақамлаштириш ишлари катта қизиқиш уйғотди. Эътиборли жиҳати, оилавий шифокор пунктларига мурожаат қилган беморларга аниқ ташхис қўйиш учун оворагарчиликларга бутунлай барҳам берилди. Шу ернинг ўзида ахборот алмашинув орқали малакали мутахассислар кўмагида қисқа фурсат ичида касалликни аниқлаб, даволаш муолажаларини олиб бориш мумкин.

Шунингдек, туман марказидаги кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳам тантанали равишда очилди. Айни пайтда 3 қаватли мазкур бино тўлиқ реконструкция қилиниб, зарурий жиҳозлар ва тиббий ускуналар билан тўлиқ таъминланди. Эндиликда бу ерда жарроҳ, терапевт, акушер-гинеколог, стоматолог ва шу каби тор доирадаги мутахассислар аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатади.

М. Сулаймонов, ЎзА