ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят Кенгаши томонидан ёшлар бандлиги ва ишга жойлашиш имкониятлари, олий таълим битирувчиларининг меҳнат бозорига интеграцияси, таълимдан четда қолган ёшларни фаол ҳаётга жалб қилиш ҳамда ногиронлиги бўлган ёшлар учун тенг ва адолатли меҳнат шароитлари яратиш масалалари бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
Ёшлар ишлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи ҳамда Марғилон шаҳри, Тошлоқ, Данғара тумани ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ахбороти эшитилди.
Маълумотга кўра, вилоятда жорий йил бошида 1 минг 15 та маҳаллада ўтказилган хатлов орқали 1 миллион 6 минг 155 нафар “Ёшлар баланси” шакллантирилган. 4 минг 623 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилиб, уларнинг 80 фоиздан ошиғига манзилли ва мақсадли ёрдам кўрсатилган. Ижара асосида ер олган 17 минг 996 нафар ишсиз ёшларнинг 6 767 нафари ўзини ўзи банд қилиш орқали ва 11 229 нафари юридик шахс ташкил этмаган ҳолда деҳқон хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтказилиб, бандлиги таъминланган.
[gallery-25366]
Йил якунига қадар вилоятда 2 минг 341 нафар ишсиз ўғил-қиз ҳамда 45 минг 639 нафар меҳнат бозорига кириб келадиган битирувчи учун иш жойлари яратиш режалаштирилган.
Мулоқотда ёшларни иш билан таъминлаш баробарида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, таълим ва касб-ҳунар ўргатиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Якунда ёшлар билан мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллигини янада ошириш, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА