Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада йўл-транспорт ҳодисалари таҳлил қилинди: ҳайдовчилар оддий йўл қоидаларига амал қилмайди
15:16 / 2021-03-19

Фарғона вилоятида йўл-транспорт ҳодисаларининг таҳлилидан кўринадики, аксарият ҳайдовчилар оддийгина йўл қоидаларига амал қилмайди.

Шунингдек, маст ҳолатда транспорт бошқариш, светофорнинг тақиқловчи белгисига риоя қилмаслик, ЙҲХБ ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, тегишли ҳужжатларсиз ойнани қорайтириш каби қоидабузарликлар кўп қайд этилмоқда. Биргина жорий йилнинг 8-15 март кунлари йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 12 нафар киши тан жароҳати олган,1 нафари эса ҳалок бўлган.

Фуқаролар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ содир этилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Фарғона вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари ва туман -шаҳар судлари судьялари иштирокида видеоконференцалоқа шаклида семинар ўтказилди. Машғулотда шундай ташвишли ҳолатлар чуқур таҳлил этилди. Унда йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби, бу борада йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, келгусида мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари хусусида сўз юритилди.

– Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жиноят ишлари бўйича вилоятдаги туман-шаҳар судлари томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир мингдан ортиқ маъмурий ишлар кўриб чиқилган, – дейди вилоят судининг судьяси Б. Ваҳобов.

 – Хусусан, маст ҳолда транспорт воситаларини бошқариб ҳуқуқбузарлик содир қилган 549 нафар, йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган 321 нафар, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаган 468 нафар шахсга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳужжатлари кўриб чиқилиб, қонун доирасида тегишли жазолар қўлланилган.

Йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя этилиши ва мазкур турдаги қоидабузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этилиши бўйича назоратни янада кучайтириш муҳим вазифа саналади. Семинарда вилоят судининг судьялари Т.Мирзаев, А.Ҳабибуллаев, Б.Эргашев ЙПХ инспекторлари томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни расмийлаштиришда йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлил қилиниб, келгусида бу борадаги камчиликларнинг олдини олишга қаратилган тушунтиришлар берилди. Бундан ташқари, Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган сўнги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, Жиноят ишлари бўйича судьялар «Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида»ги йўриқнома, «Йўл патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги, «Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрсида»ги низомларда кўрсатилган қоидаларнинг қўлланилиши борасида маълумотлар берди.

Мулоқот тарзида ўтган семинар машғулотида суриштирув ва суд амалиётда учраётган муаммолар, уларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо берилишини таъминлаш юзасидан бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Келгусида вилоят суди ва вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда бу каби тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

М. Сулаймонов, ЎзА