Янги йил байрами арафасида Фарғона ва Марғилон шаҳарларини боғловчи йўл ўтказгич таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур йўл ўтказгич 1976 йилда қурилган бўлиб, шу кунга қадар тўла таъмирлаш ишлари олиб борилмаганлиги сабабли авария ҳолатига келиб қолган эди. 4Р-140а “Фарғона шаҳрига” автомобиль йўлининг 5 километрида жойлашган, узунлиги 165 метр, эни пиёдалар йўлаги билан 24 метрдан иборат йўл ўтказгич қайтадан бунёд этилди.
[gallery-10091]
Тўла таъмирлаш ишлари давомида йўл ўтказгич усти гидро ҳимояси, усти қопламаси, четки тўсиқлар, ёритиш устунлари, жами 32 та оралиқ қурилмалар янгисига алмаштирилди. Мазкур қурилиш ишлари учун 9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Фарғона кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан сифатли қурилиш ишлари бажарилди. Мазкур йўл ўтказгичнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Ҳожиқўзижон Исақов қисқа фурсат ичида таъмирдан чиқарилган бу иншоот байрам арафасида аҳоли учун муносиб туҳфа бўлганлигини таъкидлади. Бир кунда 22 минг автомашиналар ҳаракат жадаллигига эга бўлган кўприкнинг фойдаланишга топширилиши туфайли Марғилон шаҳри, Тошлоқ, Ёзёвон туманлари аҳолиси ва меҳмонларига қулайлик яратилди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА