French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада Япония ишбилармонлари иштирокида бизнес-учрашув бўлиб ўтди
19:56 / 2021-10-30

Япониянинг йигирмадан ортиқ қурилиш, ипакчилик, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, туризм, тиббиёт, IT соҳаларида фаолият олиб борувчи ҳамда инвестициялар, савдо ва импорт-экспортга ихтисослашган компаниялар раҳбарларидан иборат делегация Фарғона вилоятида бўлди.

Фарғона шаҳридаги вилоят театр-концерт саройида япониялик ишбилармонлар ҳамда фарғоналик тадбиркорлар иштирокида бизнес-учрашув бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Иқболжон Эргашев Фарғона вилоятида ишбилармонлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлар, вилоят иқтисодиётининг устувор тармоқлари ҳамда Фарғона-Япония муносабатлари хусусида сўз юритди. Вилоятнинг инвестицион салоҳияти ҳамда амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Жорий йил ноябрь ойида Фарғона шаҳрида “Япон инвесторлари учун Фарғона янги макон” мавзусида йирик бизнес-форум ташкил этилиши ҳам маълум қилинди.

[gallery-4495]

Учрашувда япониялик ишбилармонларга вилоятнинг экспорт салоҳияти ҳамда хорижий давлатлар билан ўзаро савдо муносабатлари ҳақида тақдимот ўтказди. Шунингдек, Шоҳимардон туризм ҳудуди, Учкўприк туманидаги "Меҳригиё" туризм ва саломатлик маркази ҳамда бошқа туризм объектлари тўғрисида маълумот берилди. “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар, божхона ва солиқ тўловлари мисолида инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар тўғрисида тўхталиб ўтилди.

Учрашув якунида япониялик ҳамда фарғоналик ишбилармонлар ўртасида B2B форматидаги музокаралар ўтказилиб, унда томонлар қўшма корхоналар ташкил этиш, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли шартномаларни имзолаш каби масалаларни муҳокама қилдилар.

Япониялик ишбилармонлар театр-концерт саройи залида ташкил этилган маҳаллий ҳунармандчилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмасини ҳам кўздан кечирдилар.

М. Сулаймонов,

М. Қодиров (сурат), ЎзА