Мўъжизакор юртимиз гўзаллиги, табиатининг фусункорлиги ортиқча таъриф-тавсифга муҳтож эмас. Йилнинг тўрт фасли ҳам бекаму кўст намоён бўладиган жаннатмонанд ўлкамизда ўтадиган байрам ва тантаналар, сайил ва анжуманлар ҳам ўзгача мароқли. Айниқса, баҳор фаслида ташкил этиладиган ҳар қандай йиғин ва тадбирлар гулу чечаклар, сумалагу турфа пишириқлар билан янада файзли ўтади.
Бугун Фарғонанинг қайси бир ҳудудига борманг, гулга тўла боғлар дилингизга ўзгача сурур бахш этади. Айниқса, ўрик гулининг таровати янада ўзгача.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан биринчи бор ташкил этилган “Ўрик гуллаганда” фестивали умумхалқ сайлига айланиб кетди. Ўзбекистон тумани Ўқчи қишлоғидаги қийғос гуллаган азим ўрик дарахтлари остида миллий ўйинлар, ўзбекона урф-одат ва қадриятлар намойиши, ижодкорлар чиқишлари кўнгилларга кўклам тароватини олиб кирди, дейиш мумкин. Айниқса, варраклар учириш, ёш полвонлар ўртасидаги кураш мусобақалари, қўшиқчи ва шоирлар, рассом ва ҳунармандларнинг асарлари ташриф буюрувчиларда олам-олам таассурот қолдирди. Дошқозондаги сумалак, кўк сомсалар эса сайилга ташриф буюрган хорижлик сайёҳларни мафтун этди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Раҳимов, Олий Мажлис депутати Мавлудахон Хўжаева, Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашев ва бошқалар ушбу фестивалнинг анъанага айланиши, табиат қўйнида ўтказиладиган сайиллар экологик тарбия, соғлом турмуш тарзи тарғиботи, ижодкорлар учун илҳом манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.
– Аввало фестивалнинг номланиши киши руҳиятига ўзгача ижобий таъсир қилади: “Ўрик гуллаганда”. Ахир, баҳорнинг авж палласи, йилнинг бошланиши шу пайтга тўғри келади-да. Бундан ташқари, ҳаётнинг ибтидоси, янги режа ва мақсадларнинг туғилиши, жўшқин илҳом билан боғлаш мумкин бу тадбирни, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ботир Эргашев. – Боғбону деҳқонларимиз меҳнати – дастурхонимиз тўкинлигига замин яратса, одамларимиз қалбидаги шукроналик ва хотиржамлик, маънавий ва маърифий тўкислик жамият равнақи, юрт тараққиёти гаровидир. Ижодкорлар, санъатсеварлар, уста ҳунармандлар, истеъдодли ёшлар юрти ҳисобланган Фарғонанинг ҳар бир ҳудудида ана шундай байрамлар ташкил этиш мумкин. Бу орқали янги ғоя ва ташаббуслар қанот ёзади, ёшларимизда интилувчанлик ўсади.
[gallery-16650]
Дарҳақиқат, “Баҳор куйчиси” дея ном олган атоқли шоиримиз қаламига мансуб “Ўрик гуллаганда” ва унга назира тарзида ёзилган қатор шеърларда ҳаётга муҳаббат, она табиатнинг яратиш хусусияти, меҳнаткаш ва оқкўнгил халқимизнинг фидойилиги тараннум этилади, эзгулик ва яхшилик тарғиб қилинади.
Шу куни ҳам баҳор ва кўклам, Наврўз ва гўзаллик ҳақида шеър-қўшиқлар янгради. Таниқли санъаткорларнинг дилтортар қўшиқлари, уста аскиячиларнинг ичакузди пайровлари, фольклор дасталарининг алёру лапарлари дилларга завқ бағишлади. Кайвони момолар, нуроний отахонлар юзидаги табассум уларнинг дуоларига йўғрилиб самоларга парвоз қилди. Ёшлар шижоатига шижоат қўшилди, табиатдан куч олган нигоҳлар томирлардаги қонни шавққа тўлдирди. Тилларда эса ўша машҳур мисралар бот-бот такрорланди:
“Деразамнинг олдида бир туп, Ўрик оппоқ бўлиб гуллади...”, “Мана сенга олам-олам гул, Этагингга сиққанича ол...”
Ёшлик ва табиат байрами, кўклам ва яратиш-яшнатиш анжумани, ижодкорлик ва миллийлик сайли – “Ўрик гуллаганда” фестивали ҳали давом этажак. Дилга яқин фестивалда яна учрашгунча, гулга бурканган ўрикзор боғлар!
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА мухбирлари