Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати томонидан Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги олий таълим муассасаларида фойдаланишга топширилган ва қурилаётган талабалар турар жойларига пресс-тур ташкил этилди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда юртимизда олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш, барча қулайликларга эга бўлган замонавий талабалар турар жойларини қуриш учун қўшимча шароитлар яратишда босқичма-босқич тизим яратилди. Жумладан, давлат бюджети, олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари, давлат-хусусий шериклик ва ижара асосида қўшимча талабалар турар жойи қурилиши белгиланган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан талабаларни турар жойлар билан таъминлаш бўйича республика миқёсида 38 минг ўринли 83 та талабалар турар жойларини барпо этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида 23 минг 494 ўринли 50 та, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ва олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳамда инвестиция дастури доирасида 10 минг 660 ўринли 21 та талабалар турар жойлари қурилиши учун зарур маблағлар ажратилди.
2023 йил якунига қадар 18 минг ўринли талабалар турар жойларини фойдаланишга топшириш вазифаси белгиланган бўлиб, улар тўлиқ қуриб битказилади. Жорий йилнинг ўтган даврида 4 минг 702 ўринли 12 та талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилди.
Пресс тур иштирокчилари Қўқон давлат педагогика институти, Фарғона политехника институти, Фарғона давлат университети ҳамда Муҳаммад ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалида бўлиб, талабалар турар жойлари билан танишди.
Фарғона давлат университетида талабаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни муносиб шароитларда билим олишларига имкон яратиш мақсадида жорий йилда 1,5 мингдан ортиқ ёшга мўлжалланган қўшимча шинам ва замонавий талабалар турар жойлари барпо этилди. Яна янги қурилиш ишлари ҳам жадал давом этмоқда.
Университетда талабалар турар жойлари сони 4 тага кўпайиб, 10 тага етди ва жами ўрин-жойлар сони 3 минг 501 тага етказилди. “Марғилон бинокор таъмир қурилиш” масъулияти чекланган жамияти ва университет ўртасида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 2 та 840 ўринли талабалар турар жойи қуриб битказилди. Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан эса 240 ўринли янги талабалар турар жойи барпо этилди. Ушбу талабалар турар жойлари муқобил энергия манбалари – қуёш панеллари билан жиҳозланган. Бинода ёшлар учун ахборот-ресурс маркази, спорт-соғломлаштириш машғулотлари, маънавият хонаси, талабалар театр студияси, бадиий гимнастика учун алоҳида хона, шинам ошхона, кир ювиш ва қуритиш хоналари мавжуд бўлиб, энг замонавий воситалар билан жиҳозланган. Талабалар турар жойи университет ҳудудида жойлашган ва ўқув биноларига яқинлиги билан талабаларга жуда қулайдир. Шаҳар марказида жойлашган ушбу бино - истироҳат боғи ва яшил хиёбонлар яқинида ўзига хос гўзал табиатга эга.
Айни кунларда талабаларни турар жойларига жойлаштириш бўйича ишлаб чиқилган платформа орқали онлайн ариза юбориш имконияти яратилган. Онлайн аризалар жорий йилнинг 20 июлдан 10 августга қадар қабул қилиниб, 2-, 3- ва 4-босқич талабаларидан жами 1 минг 505 та ариза келиб тушди. Юқори босқич талабаларини ижара хонадонларига жойлаштириш ишлари ҳам тизимли олиб борилмоқда. 15 июлдан ҳозирга қадар 246 та ижара хонадони аниқланиб, 1 минг 472 нафар талабага ижара хонадонларидан турар жой ажратилди.
[gallery-13322]
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Фарғона давлат университети томонидан 2022-2025 йиллар давомида давлат-хусусий шерикчилик асосида 7 та 400 ўринли талабалар турар жойи қуриш режалаштирилган.
Журналист ва блогерларга мазкур олий таълим муассасаларидаги жараёнлар, талабалар турар жойларидаги шароитлар ҳақида маълумот берилди.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров(сурат), ЎзА