Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада яна бир ижтимоий лойиҳа амалга оширилди
11:02 / 2025-11-01

Фарғона шаҳрида “Меҳржон” нодавлат нотижорат ташкилоти қошида “Аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш маркази” (shelter)нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур марказ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Адлия вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида қуриб битказилди.

Янги шелтер зўравонликдан жабр кўрганларга вақтинча хавфсиз яшаш жойини тақдим этиш билан бирга, уларга психологик, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш имкониятини яратади. Шунингдек, марказ оилавий низоларни бартараф этиш, жабрланганларни жамиятга қайта мослаштириш ҳамда аёллар ва болаларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга кўмаклашишни мақсад қилади.  

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат ва жамиятнинг ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланаётганини қайд этишди.  

– Бу лойиҳани Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури доирасида айнан хотин қизлар ва болаларни зўравонликдан асраш учун амалга оширяпмиз. Кўплаб лойиҳалар орасидан “Меҳржон” аёллар ва болалар марказининг лойиҳасини танлаб олганимиз ҳам бежиз эмас. Уларда бошпана қуриш ва зўравонликка учраганлар учун ёрдам кўрсатишга бўлган интилиш кучли эканини кўрдик, – дейди БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Акико Фудзии. – Фаолиятимиз давомида билдикки, ННТларга ёрдам кўрсатиш зарур экан. Чунки улар қуйи тизимда аҳоли билан ишлайдилар. Фарғона вилоятини танлашимизга яна бир сабаб бу ерда давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган.  

Ўзбекистонда зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш ва жабр кўрганларга кўмак бериш учун тизимли ҳимоя механизмлари яратилмоқда ва изчил такомиллаштирилмоқда. Шу мақсадда болалар ва хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қонун ҳужжатлари такомиллаштирилди, маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилди.  

Омбудсман томонидан 2025 йилдан “Тенглик ва ҳурмат” платформаси йўлга қўйилди. Мазкур платформа орқали мамлакат бўйлаб гендер тенглигини таъминлаш, зўравонликка учраган аёлларни ҳар томонлама  қўллаб-қувватлаш, улар мурожаатларини ўрганиш ва ҳал этиш, яратилган имконият ва имтиёзлардан хотин-қизларни хабардор қилиш йўлга қўйилди.  

“Аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш маркази”нинг фаолият бошлаши инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва нодавлат сектори ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг  намунаси дейиш мумкин. Бу ташаббус мамлакатда инсон қадрини юксалтириш ва зўравонликсиз жамиятни барпо этиш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир.  

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/8C16aeg0d0E?si=vg_cpfk8YRsT08Q6" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА