Келгуси авлодлар учун табиий бойликларни сақлаб қолиш ва экологияни муҳофаза қилишнинг зарурий шарти қайта тикланадиган ва муқобил энергия манбаларини ўзлаштириш ҳисобланади.
Жорий йилнинг 10 июнь куни Президентимиз раислигида иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселекторда бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилди. Фарғона вилоятида мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона туманидаги “Миндонобод” ва “Новкент”, Ёзёвон туманидаги “Қотортол”, Қўштепа туманидаги “Ўқчи” маҳалла фуқаролар йиғинларида жойлашган хонадонлар қуёш панеллари ўрнатиш учун танлаб олинди.

“Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти ҳамда Фарғона, Қўштепа, Ёзёвон туманлари ҳокимликлари ҳамкорлигида амалий жараёнлар бошланди.
Жумладан, дастлабки босқичда Фарғона тумани “Новкент” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги мавжуд 426 та хонадоннинг 108 тасига қуёш панелларини ўрнатиш белгиланган.
Бундан ташқари, туманнинг “Миндонобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам 862 та хонадон мавжуд бўлиб, шундан дастлабки босқичда 290 та хонадонга қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган.
Натижада бу икки ҳудудда қарийб 82-85 фоиз электр энергияси истеъмолини тежашга эришилади. Эътиборлиси, қуёш панеллари ўрнатилган хонадонларга солиқ имтиёзлари берилиши ҳам кўзда тутилган.

Амалий ишлар билан бир қаторда бугунги кунда вилоят бўйлаб аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишлари бўйича тушунтириш-тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА