Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада халқаро маблағлар ҳисобига истиқболли қишлоқ хўжалиги лойиҳалари амалга оширилмоқда
10:00 / 2026-02-28

ФОТОРЕПОРТАЖ

Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалигини замонавий мезонлар асосида ривожлантиришда халқаро молия институтлари маблағларидан самарали фойдаланиш ишлари изчил давом этмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 13 январдаги қарори асосида Франция тараққиёт агентлиги иштирокида “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳаси амалиётга татбиқ қилинмоқда.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда агентлик ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-турда маълум қилинганидек, сўнгги йилларда Фарғона вилоятида агентлик маблағлари жалб этилган 29 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Уларнинг умумий қиймати 73,7 млрд сўмни ташкил этди, шундан 40,8 млрд сўм агентликнинг узоқ муддатли ва имтиёзли кредит маблағларидир.

Хусусан, мазкур маблағлар паррандачилик, балиқчилик ва қорамолчилик тармоқларини ривожлантиришга қаратилган 13 та лойиҳани қўллаб-қувватлади. Шунингдек, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, замонавий техника ва асбоб-ускуналар хариди учун қарийб 15 та лойиҳа молиялаштирилди. Муҳим жиҳати, муқобил энергия манбаларини жорий этиш бўйича 5 та лойиҳа ҳам қўллаб-қувватланди.

Эътиборлиси, ушбу жараёнда 10 та аёллар ва ёшлар бошқарувидаги чорвачилик хўжаликларига жами 12,6 млрд сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Фарғона шаҳридаги Сой бўйи маҳалласида жойлашган “Status Soft” оилавий корхонаси 2024 йилда Микрокредитбанк томонидан 1 млрд 50 млн сўм кредит билан таъминланди. Бу маблағ эвазига форель балиғини интенсив усулда етиштириш учун зарур ускуналар ва музлаткич жиҳозлари ўрнатилди. Ҳозирда 26 та сунъий ҳавзада йилига 100–120 тонна балиқ етиштириш имконияти яратилган.

— Айни пайтда балиқчилик мактаби ва лаборатория ташкил этишни режалаштирганмиз. Қисқа муддатли ўқув курслари орқали форель етиштириш бўйича илмий-амалий тажрибани оммалаштириш мақсад қилинган, - дейди корхона раҳбари Умид Мадаминов.

Лойиҳа иқлимга мос йўналишда амалга оширилгани ва раҳбар аёл тадбиркор эканлиги инобатга олиниб, Европа Иттифоқи томонидан 315 млн сўм грант маблағи ажратилди. Бу маблағ эвазига 40 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди.

Шунингдек, Фарғона туманидаги “Жалолиддин Ғоипов” фермер хўжалигига Ҳамкорбанк орқали 300 млн сўм кредит ажратилди. Натижада суғориш қудуғи қуёш энергияси билан таъминланиб, фермер ҳар ой 6–8 млн сўм электр энергияси харажатини тежайди ва ортиқча қувватни шартнома асосида тармоқларга сотмоқда.

Фарғона туманидаги “Ёрдон” чорвачилик фермер хўжалиги ҳам агентликнинг 1 млрд сўмлик кредити ҳисобига 91 гектар ерда томчилаб суғориш тизимини жорий қилди. Бу орқали озуқа базаси мустаҳкамланиб, сутчилик тармоғи кенгайтирилмоқда.

[gallery-27910]

Шу тариқа, Франция тараққиёт агентлиги иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар Фарғона вилоятида агросаноат мажмуасини модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА