Бугун Фарғона шаҳрида “Central Asia – 2025: фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XVIII халқаро конференцияси ўз ишини бошлади.
Унда электрон ахборот ресурсларининг ўрни, улардан фойдаланиш орқали аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни такомиллаштириш, инновацион услуб ва технологиялар бўйича фикрлар алмашиш, кутубхона муассасалари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Конференцияни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров очиб берар экан, китоб инсоният учун бахт ва келажак калитидир, деди. У иштирокчиларни қутлар экан, мамлакатимизда китоб ўқиганлар рағбатлантирилишидек воқелик ўзига хослиги, кутубхонада фаол фойдаланувчилар сони сўнгги йилларда 156 фоизга ошганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев мамлакатимизда сўнгги уч йилда нашриётлар сони 120 тадан 600 тага етгани, бир йилда 11 минг номдаги китоблар чоп этилаётгани, мамлакатда 18 та ахборот-кутубхона маркази янгидан қурилганини айтиб, бу ишлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалардан, деди.
Конференциянинг очилиш маросимида Малайзия, Буюк Британия, Германия каби 12 мамлакатнинг 28 вакили қатнашди. Россия Давлат кутубхонаси бош директори Вадим Дуда халқаро конференция қатнашчиларини қутлар экан, Ўзбекистон дунёнинг халқи китоб ўқийдиган мамлакатларидан биридир, дея алоҳида қайд этди.
[gallery-23353]
Шундан сўнг “Central Asia – 2025: фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XVIII халқаро конференцияси саккизта шуъбага бўлиниб, ўз ишини давом эттирди.
Халқаро конференция шу йил 17 майга қадар давом этади.
Муҳаммаджон Обидов, М.Қодиров (сурат),
ЎзА мухбирлари