Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада халқаро анжуман ва амалий маҳорат дарслари (+видео)
17:52 / 2025-11-18

Ўзбекистон тиббиётида сўнгги йилларда жуда катта ўсиш рўй берди. Дастлаб юракни очиш, сўнг буйрак кўчириш амалиётлари ўтказилди. 2018 йилда эса илк бор жигар кўчиришга қўл урдилар. Бу йилнинг ўзида 140 дан зиёд беморга яқинлари жигари кўчириб ўтказилди. Тўғри, бундай тиббиёт амалиётлари Тошкентда, марказда бўлар эди. Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, 2025 йилда дастлаб Андижон, сўнг Сурхондарё вилоятларида шундай нозик, ноёб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Энди эса Фарғонада – Риштон туманининг Қипчоқ қишлоғилик Нафисахон Мавлоновага укаси Ғайратжон Полвоновнинг жигаридан бир қисми кўчириб ўтказилди.

– Бир ўғил, бир қизим бор. Хотиним жигар церрозига учраган, – дейди Эркинжон Мавлонов. – Риштонда даволанди, лекин кутилган натижа бўлмади. Кейин Фарғонага олиб келдик. Оиламиз аъзоларининг қон гуруҳи тўғри келмади. Шунда қайноғам жигарини берди.

– Турмуш ўртоғимни Россиядан чақирдик, – дейди Нафисахон Полвонова. – Уларнинг қон гуруҳи мос экан. Мен хўжайинимнинг қарорини қувватладим. “Сиз билан фахрланаман”, дедим уларга.

– Бир неча йилдан буён жигар хасталиги билан касалланган, қон кетган. Беморни текширувдан ўтказдик. Уларга укалари жигаридан бир қисмини берадиган бўлди. Ҳозир иккита жарроҳлар жамоаси навбат билан операция қиляпмиз, – дейди Шоҳжаҳон Маткаримов.  

Ўн соатдан ортиқ давом этган жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди. Уни амалга оширган Марказий Осиё халқаро тиббиёт университети, Фарғонадаги вилоят кўп тармоқли шифохона ва Ўзбекистон Миллий тиббиёт маркази мутахассислари гуруҳ раҳбари, профессор Аъзамжон Бобожонов натижадан мамнун эди.  

– Кеча Марказий Осиё халқаро тиббиёт университети ҳамда Фарғонадаги кўп тармоқли шифохона мутахассислари билан ҳамкорликда беморнинг жигарини кўчириб ўтказдик, – дейди профессор Аъзамжон Бобожонов. – Бу, нафақат Фарғона, балки мамлакат тиббиёти учун ҳам тарихий воқеадир. Эрталаб беморни кўрикдан ўтказдим. У ўзини яшни ҳис қиляпти. Жарроҳ учун энг муҳими – натижа. Тез кунда бемор соғайиб кетишига ишонаман.  

Эндиги муҳим вазифа вилоятда инсон органларини кўчириб ўтказиш учун жарроҳлар гуруҳини шакллантиришдир. Марказий Осиё халқаро тиббиёт университети мутахассислари кўмагида шундай гуруҳ мустақил ишлай олади.  

Ҳа, Фарғонада мана икки кундирки, тарихий воқеалар рўй бермоқда. Кеча беморга жигар кўчирилиб ўтказилган бўлса, бугун Марказий Осиё халқаро тиббиёт университетига дунёнинг кўплаб мамлакатларидан соҳа олимлари келишди. Бу ерда “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтяпти. Унинг ялпи йиғилишда сўзга чиққан Туркиянинг етакчи тиббиёт олий ўқув юртлари раҳбарлари, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ҳиндистон тиббиётининг таниқли ва етакчи вакиллари Ўзбекистон бу соҳада ва малакали мутахассислар тайёрлаш борасида минтақада етакчи даражага чиқди, деб таъкидладилар.

Дарҳақиқат, Марказий Осиё халқаро тиббиёт университетида таълим олиш, юқори савиядаги шифокор бўлиш учун барча шароит муҳайё. Кечаги ноёб жарроҳлик амалиёти маҳорат мактаби бўлган бўлса, бугунги илмий анжуман фан ривожига улкан ҳиссадир.

– Марказий Осиё халқаро тиббиёт университети фаолияти ва шароитлари билан танишиб, ҳайратда қолдим. Юқори малакали тиббиёт ходими ва шифокорини етиштириш учун барча шароит ва илмий салоҳият етарли экан, – дейди Марат Гариев номидаги Туркманистон тиббиёт университети профессори Гарабек Гошаев. – Шунинг учун ҳам биз талабалар, ўқитувчи-профессорлар алмашиш, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан ўзаро келишувга эришдик. Мазкур халқаро конференцияда туркманистонлик бир гуруҳ олимлар тиббиётни такомиллаштириш мавзуларида ўз маърузаларини эълон қиладилар.  

Айни чоғда олим ва мутахассисларнинг шуъба йиғилишлари давом этяпти.  

Илмий -амалий конференция ва маҳорат дарслари эртага ҳам давом этади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/sQA_GgjqucY" title="Farg`onada xalqaro anjuman va amaliy mahorat darslari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА