Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада Вебстер университети филиалини очиш режалаштирилмоқда
14:42 / 2020-11-05

Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Вебстер университети ўртасида ташкил этилган видеомулоқотда мазкур олий таълим муассасасининг филиалини очиш масалалари муҳокама қилинди.

Бугунги кунда ҳудудларда олий маълумотга эга бўлган малакали мутахассисларга эҳтиёж юқори. Хусусан, вилоятда 10 та олий ўқув юрти фаолият кўрсатаётган бўлиб, ўтган даврда Жанубий Корея, Латвия билан ҳамкорликда университетлар ташкил этилди. Таълим соҳасида ривожланган давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳага инвестицияларни жалб этиш ҳамда илғор педагогик технологияларни тадбиқ қилиш бўйича тизимли ишлар давом этмоқда. Мазкур онлайн мулоқотда бу борадаги ишлар таъкидланиб, Вебстер  университетининг таълимдаги ютуқлари эътироф этилди.

Вебстер  университети АҚШнинг нуфузли олийгоҳларидан бири бўлиб,  унинг кўплаб давлатларда 60 дан ортиқ филиаллари бор. Хусусан, ўтган йил Марказий Осиёдаги филиали – Тошкент шаҳридаги таълим дастурларини амалга ошириш маркази очилди ва бу ерда бакалавриатнинг асосий 14 та таълим йўналишлари ҳамда 16 та магистратура мутахассисликларида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Вебстер университети президенти Жулиян Шустер Фарғона вилоятида университет филиалини очиш ҳамда сифатли таълим тизимини амалга ошириш таклифини билдирди. Мулоқотда университетнинг таълим дастурлари, бакалавриат босқичи ва магистратуранинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берилди.

Вилоят ҳокими ўринбосари М.Абдураҳмонов Фарғонанинг географик жойлашуви, иқтисоди, таълим тизими хусусида гапириб ўтди.

– Фарғона вилояти олийгоҳлар сони бўйича Республикада Тошкент шаҳридан кейин 2-ўринни эгаллайди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари. – Шу ҳолатда ҳам улар сони йиллик ўқишга топширувчи талабалар сонига нисбатан мутаносиб эмас. Вилоятда асосан IT ва IT муҳандислиги, график дизайн, замонавий дастгоҳлар билан ишловчи малакали мутахассисларга эҳтиёж баланд. Шу боис Вебстер университетининг малакали профессорлари халқаро тажрибасини вилоятимизда қўллаши мақсадга мувофиқ бўларди. Вилоят ҳокимлиги университет филиалини ташкил этишда бино, ер майдони ва дастлабки сармоя сифатида маблағ ажратилишида кўмакка тайёр.

Мулоқотда ҳар икки томонни қизиқтирган масалалар ўртага ташланиб, ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди. Филиални очиш бўйича дастур ишлаб чиқилади.