Ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бевосита ички ишлар органлари ходимлари олдига катта масъулият юклайди.
Ана шундан келиб чиқиб, Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси, унинг таркибий тузилмалари ва соҳавий хизмат ходимлари томонидан мунтазам равишда кундузги ва тунги тезкор профилактик тадбирлар, рейдлар, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.
Йўл патрул ва патрул пост хизмати ходимлари ҳамда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг доимий ҳамкорлиги йўлга қўйилган бўлиб, аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, истироҳат боғлари, кўнгилочар масканларда қўшимча патруллик гуруҳлари ва мобил постлар ташкил этилган.

-Бунинг самараси сифатида жорий йилнинг уч ойида вилоятда умумий жиноятлар 7 фоизга (202 та), олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 22 фоизга (449 та) камайишига эришилди,-дейди вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Фарруҳ Ўсаров.- Вилоятда йил бошидан буён жиноятларнинг олдини олишнинг асосий омилларидан бири бўлган жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичиш ҳолатларини аниқлаш 22 фоизга ошди. Ўтган даврда совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган предметлар билан боғлиқ 2099 та ҳуқуқбузарлик аниқланди.

Ҳуқуқбузарлик содир этган 1 минг 905 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шунингдек, 320 нафар шахсга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилди. Вилоятдаги кўча ва жамоат жойларида содир этилган жиноятлар 31 фоизга камайди.
Ўз навбатида, кўча ва жамоат жойларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятнинг олдини олиш мақсадида пост патрул хизмати (ППХ) саф бўлинмалари ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ўтган йилнинг мос даврига қараганда 11 фоизга яхшиланди. Ҳозирда ППХ саф бўлинмалари ходимлари 12 та шаҳар-туманга хизматга жалб этилган.
“Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз маҳалла” концепцияси доирасида шу йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 15 минг 364 та объектлар рақамлаштирилди. 1062 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 3 минг 635 та кириб чиқиш жойларига камера қўйилди. Савдо нуқталарининг 7 минг 979 тасига кузатув камералари ўрнатилди.
Вилоят ҳудудидаги 1 минг 219 та чойхона ва умумий овқатланиш шохобчаларининг 900 га яқини рақамлаштирилди. Яқин вақт ичида бундай масканларни тўлиқ рақамлаштириш ишлари якунига етказилади.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири