Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада Туркия билан ҳамкорликда янги корхоналар очилади
14:12 / 2026-02-13

Фарғона вилоятининг чет мамлакатлар билан ўзаро товар айрибошлаш кўрсаткичларида Туркия Хитой ва Россиядан кейин учинчи поғонани эгаллади. Вилоятда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, жумладан, Туркияга ҳам экспорт қилинмоқда. Ва аксинча қардош давлатнинг тўқимачилик технологик линиялари вилоятда харидоргир.

Бундан ташқари, ҳамкорликда ташкил этилган қўшма корхоналар муваффақият билан фаолият юритмоқда. Унинг ижобий натижаси биргаликдаги лойиҳалар салмоғи ва йўналишини кенгайтиришни талаб этяпти. Шу мақсадда Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов бошчилигидаги делегация шу кунларда Туркияда самарали мулоқотлар ўтказмоқда.

Ташриф доирасида йирик турк компаниялари билан қатор учрашувлар ўтказилиб, Фарғона вилоятида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинмоқда.

Туркиянинг метални қайта ишлаш соҳасидаги йирик компанияларидан бири – “Kose Holding”  компанияси ойига қарийб 5 минг тонна мис ва альюминий маҳсулотларини қайта ишлаш қувватига эга. Компания таъсисчиси Адем Кёсе билан ўтган учрашувда ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва хориж бозорларига чиқиш режалари доирасида Фарғона вилоятида инвестицион лойиҳани амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.

“Zorlu Holding” вакили Омер Чапкиеоглу билан учрашувда ҳолдинг таркибидаги ТАЖ бренди остида ишлаб чиқарилаётган парда ва уй текстили маҳсулотлари ишлаб чиқаришни Фарғона вилоятида ҳам амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, ҳолдинг таркибидаги “Farmicca” компанияси томонидан интенсив кўкатлар етиштириш лойиҳаси юзасидан Қува туманидаги “Agro Star” корхонаси билан онлайн музокара ўтказилиб, янги лойиҳани ҳамкорликда амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. “Agro Star” томонидан турк ҳамкорларга зарур бўлган таклиф ва маълумотлар тақдим этилди.

Шу билан бирга, “Naz Global” компанияси раҳбари Наз Колеменоглу билан турли хил маҳсулотларни қадоқлаш учун мўлжалланган замонавий картон қутилар ишлаб чиқариш лойиҳаси юзасидан учрашув бўлиб ўтди. Унда бозор талабларига мос, сифатли ва рақобатбардош қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Лойиҳа доирасида озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техника, фармацевтика, косметика ва бошқа турдаги товарлар учун турли ўлчам ва дизайндаги картон қутилар ишлаб чиқариш режалаштирилган.  

Учрашувлар якунида турк ишбилармонларининг Фарғонага ташриф буюриши ва лойиҳалар бўйича музокараларни давом эттиришга келишилди.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА